“Шахсий автомашинангиз бор, шахсий кутубхона-чи?”
Фото: Халқ сўзи
Бухоро туманидаги “Новметан” маҳалла фуқаролар йиғини учун мактабгача таълим ташкилотидаги бўш хона бир муддат бошпана вазифасини ўтади. Ҳозир эса у ички ишлар органларининг 136- сонли таянч пунктида жойлашган. Қизиғи, бу ер бошқа маҳалла ҳудуди саналади.
Йиғин раиси Элёр Ҳасанов эътироф этганидек, бу ҳол маҳалла фуқароларига ноқулайликлар туғдирмоқда. Азим Бухоро шаҳридан нари борса 6-7 километр узоқликда жойлашган маҳалланинг ҳанузгача ўз биноси йўқлиги ғалати, албатта.
Сирасини айтганда, бизни маҳалла фуқаролар йиғинида чоғроқ бўлса – да кутубхона бор – йўқлиги қизиқтираётганди. Аммо бошпанаси бўлмаган йиғин масъулларидан бундай маскан ҳақида сўрашнинг ўзи ноқулай.
“Новметан”га қарашли Қумрабод қишлоғида 300 та хонадон бор. 1800 аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла раисининг айтишича, аҳолининг ўн фоизи хорижий давлатларга ишлагани кетган. Оилаларнинг 50-60 фоизида автомашина мавжуд. Жўраевлар хонадони шуларнинг бири. Ҳовли олдида гижинглаган тойдай замонавий енгил автомашина турибди. Оила шинамгина ҳовлида яшайди.
- Институтда сиртдан таҳсил олаяпман,- дейди шу хонадон аъзоси Отабек Жўраев. – Укаларим мактабда ўқишади. Рўзғоримиз бут, ўзимизга тинчмиз.
- Шахсий уй – жой, автомашиналарингиз бор, шахсий кутубхоналарингиз – чи?,- сўраймиз ундан. -Лоақал, 20 -30 та илмий – назарий ёки бадиий адабиётларингиз бордир.
Йигитча жимгина ер чизади.
Шу маҳаллада яшовчи Махсуд ака Россияга тез - тез ишлагани боради. Ҳозир икки фарзанди олис юртда меҳнат муҳожири. Томорқасини гулдай яшнатиб қўйган, гаражида шахсий автомашинаси бор, меҳнаткашлиги шундоқ кўриниб турган бу инсонга ҳам шахсий кутубхона ҳақида сўз очгандик хижолат тортиб қолди.
Оз эмас, кўп эмас 430 нафар мактаб ёшидаги ўғил – қиз бор ҳудудда ёшлар таълим – тарбиясида муҳим ўрин тутадиган китобхонлик, газетхонлик, журналхонлик тарғиботи йўқ ҳисоби. Миллионлаб пул сарфлаб автомашина сотиб олган айрим хонадон эгалари ўз фарзандлари, невараларида китоб ўқишга рағбат уйғотишмаётгани, нари борса, 300 – 400 минг сўм маблағ харж қилиб мўъжазгина шахсий кутубхона ташкил этишмагани афсусланарли, албатта.
Таассуфки, бу каби ҳолатни нафақат “Навметан”, балки бошқа кўплаб қишлоқларда ҳам кўриш мумкин. Одамлар, хусусан, ёшларимиз ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолишди. ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” сингари оммабоп газета – журналларни қишлоқдаги хонадонлардан топиш амримаҳол. Расмий нашрларни-ку айтмай қўя қолайлик.
- Яқинда қўшнимиз уйини ёш бир оилага ижарага берди, - дейди тиббиёт муассасасида ишлаб нафақага чиққан Гулсара хола. - Суриштирсам, эр – хотин фарзандим тенгги экан. “Биз сирдарёликмиз, турмуш ўртоғимнинг иши юзасидан Бухорога кўчиб келдик”, деди аёли. ”Ҳалима Худойбердиеванинг юртидан экансизлар – да”, дедим беихтиёр. Шунда “ Ҳалима Худойбердиева деганингиз ким у?” деса бўладими?!.
- Ҳозирги аксарият ёшларимиз шоҳона ҳаётни қўмсашади, бекаму кўст яшашни хохлашади, тараққий этган айрим мамлакатлардаги турмуш тарзидан андаза олишга уринишади, - дейди бухоролик кекса педагог Ҳаким Ражабов. -Лекин ривожланган давлатларда бундай ҳаётга илму маърифат воситасида эришилаётганини, китоб - илмли, билимли бўлмоқ калити саналишини, уларда оилавий китобхонлик аллақачон анъанага айланиб улгурганини ўйлаб ҳам кўришмайди. Ахир, халқимизда “Қуш инида кўрганини қилади”, деган гап бор. Бугун навқирон ёшда бўлган йигит – қизларимиз эртага мустақил ҳаётга қадам қўйишади. Турмуш қуришади. Бола – чақали бўлишади. Фарзанд эса ота- онадан кўп нарсани ўрганади. Бинобарин, ота – оналар китобхонлик борасида болаларига ибрат, намуна бўлмоқлари зарур. Афсуски, бу масъулиятни аксарият оилалар ҳис этишмаяпти.
Бир умр мактабда ёшларга сабоқ берган муаллим яна бир жиҳатга эътиборни қаратди.
- Яқинда телевидение орқали ғарб давлатларидан бирида китоб савдо -кўргазмаси ўтказилгани ҳақида лавҳа эфирга узатилди,- дейди у. -Тадбирда етти ёшдан етмиш яшаргача одам тўпланган. Унда болалар, ўсмирлар ва ёши катталарга мўлжалланган ранг - баранг китоблар намойиш этиляпти. Сотувчиларнинг қўли қўлига тегмаяпти. Китоб савдоси авжида. Қизиғи, кўргазмага кириш пуллик экан. Буёғига нима дейсиз.
Сирасини айтганда, мамлакатимизда ҳам китобхонлик тарғиботига жуда катта эътибор қаратиляпти. Кўрик –танловлар ўтказилмоқда. Ғолибларга ҳатто автомашина совға қилиняпти. Айрим ота – оналар бу бежизга эмаслигини англаб етмоғи даркор.
Шу ўринда милоддан аввал яшаб ўтган буюк файласуф, Рим фуқаролари орасида биринчи бўлиб “Юрт отаси” унвони соҳибига айланган Цицероннинг “Китобсиз уй - жонсиз тана” деган сўзларини ёдга олмоқчимиз. Яна бир файласуф, ёзувчи Дени Дидро эса “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар фикрлашдан тўхтайдилар”, деган эди.
Гап маънавий сўқирликдан ҳимояланиш ҳақида кетаётганини англадингиз, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг