«Шакаркент»нинг «гул фабрикаси»
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги «Шакаркент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Абдумажид Ҳожиев ўз ҳовлисида «гул фабрикаси»ни ишга туширган, деган сўзни эшитиб, дастлаб таажжубландик. Ахир «гул фабрикаси» ҳам бўларканми?
Аммо бўлар экан. Хонадон соҳиби уй шароитида парваришланадиган гуллар учун 6 сотих ерда махсус иссиқхона барпо этган. Бу ерда қишин – ёзин салкам 50 турдаги анвойи гуллар етиштирилади. Аксарияти ноёб саналади.

— Ишни ҳаваскор гулчиликдан бошлаганмиз, — дейди Абдумажид Ҳожиев. — Кейин эса бу юмуш ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб қолди. Оила аъзоларимиздан ташқари уч кишини ёрдамчи сифатига ишга жалб этганмиз. Гулларни меҳр билан парвариш қилиб кам бўлаётганимиз йўқ. Рўзғоримиз бут. Шу иш ортидан орзу-ниятларимизга етяпмиз. Сизга айтсам, одамларга гул улашиб, гўзалликка ошно бўлиб яшашнинг гашти бўлакча...
Дарвоқе, юртимизда баҳор нафари уфурган шу кунларда «Шакаркент»даги «гул фабрикаси»дан харидорлар оёғи узилмаяпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг