Шайхларнинг Анор аяси
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Шайхлар қишлоғини кўпчилик яхши билади десак, муболаға бўлмас. Бу ердаги масжид-мактаб тасаввуф оламининг йирик вакилларидан бўлган Сўфи Оллоёр номи билан аталади. Масжид ҳовлисида шайхнинг рамзий қабри бўлиб, бу ер зиёратгоҳга айлантирилган.
“Ёлғиз қиз” номини олган, 89 баҳорни қаршилаган Анор ая Махамованинг айтишича, бу қишлоқда унинг онасидек сумалак қиладиган, куёв чопону нимчалар тикадиган, кўрпа-тўшаклар қавийдиган аёл бўлмаган. Қудрат она сумалак қилса, доим қозон бошида доира чалиб, лапар айтганда аёллар ўйинга тушаркан. Иродали, сабр-қаноатли бу аёлга қишлоқнинг мана-ман деган эркаги ҳам ҳурмат билан қараган.

Қудрат онанинг хат-саводи бўлмаса-да, Қуръони каримдан хабардор, номозни канда қилмайдиган, меҳнатда тобланган, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган аёл бўлган. 1932 йилда қизамиқ тарқалиб, у бир йўла ўн беш фарзандини қабристонга қўйган. Биргина бу дунён шафқатсизлигидан буткул бехабар Анор аягина омон қолган. Қудрат она ва Шоди ота Анор қизини авайлаб-асраб вояга етказган. Шоди ота савдогарчилик билан шуғулланган. Афсуски, у фарзандлари доғига чидай олмай, қизи тўққиз ёшга етганида вафот этади. Қудрат она бор меҳрини яккаю ёлғиз фарзандига беради, унга ҳалол меҳнат қилишни ўргатади. Ҳиммат деган йигитни ичкуёв қилиб, қизини унга беради. Бирин-кетин Қудрат она еттита неварали бўлибди. Саксон ёшдан ошганида вафот этади. Бугун Анор аянинг фарзандлари ёнига икки келини, тўрт куёви, йигирмата невараси, ўн бешта эвараси қўшилган.
Анор ая турмуш ўртоғи вафот этганида эндигина 39 ёшда бўлган. Бир этак бола билан қолиб кетади. Тонг саҳарда турган аёл болалари уйқудан уйғонгунича сигир соғиб, молларга ўт ўриб келган. Апил-тапил нонушта қилгач, болаларига нима юмуш қилиш лозимлигини уқтириб, елкасига катта кетмонни қўйганча далага ошиққан. Тушликда уйига қайтган аёл овқатланиб бўлгач, дарҳол хамир қорийди. Кейин яна далага боради ва кечқурун ишдан қайтгач, кўпчиган хамирдан зувала ясаб, тандирга ўт ёққан. Болалар тандир атрофида “Менинг кулчам қачон пишади?” дея уймаланаркан. Анор аяни шу ҳолида полапонларига ризқ топиб келтираётган жонсарак қушга ўхшатса бўлар, балки.
У худди катта корхонанинг раҳбаридек доим қоп-қора кастюмда, қишда бўлса, кастюмининг тагидан яшил духоба нимча кийиб юрган. Еттита болага ҳам ота, ҳам она бўлган. Фарзандларига доим “Яхши ўқинглар, келажакда битта стол эгаси бўл! Ўқийман десанг, барча шароитингни яратиб бераман. Дангасалик қилманглар!” дея ўқтираркан. Эринмасдан ҳар ҳафта мактабга бориб, болаларининг синф раҳбарларидан ўқишини, хулқини суриштиради. Ота-оналар йиғилишига доим биринчилардан бўлиб борган. Анор ая ҳаттоки қўни-қўшниларни ҳам қўярда-қўймай йиғилишга судраган.
Ая уйга келгач, фарзандларидан нима сабабдан мактабдаги тадбирларда шеър ёки қўшиқ айтмаганини сўраб, танбеҳ беради. Улардан тадбирларда фаол қатнашишини талаб қилган. Мактабдаги байрамларда фарзандларининг қувончига шерик бўлади. Болалар фахрий ёрлиқ ёки ташаккурнома олиб келса, она уни қўни-қўшниларга мақтаб чарчамаган.
Ёлғиз онасанъатни севгани учун фарзандлари Инобат ва Ойгулни 21-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқитади. Инобат ҳозир Самарқанд шаҳар 6-болалар мусиқа ва санъат мактабида дутор йўналиши ўқитувчиси, юзлаб шогирдлар устози. Ойгул журналист, Пирмамат фотограф, Муқаддам лобарант, Саидмурод орган ходими бўлган, Нозбуви тарбиячи, раҳматли Дилмурод эса тадбиркор эди.
Анор ая қишлоқда яшасада телевизорларда кўрган спорт иншоотларини орзу қилади. Невараси Эльвирани олти ёшиданоқ спортнинг каратэ турига, Наргизани эса бадиий гимнастикага олиб борган. Асланбекка эса шахмат-шашкани ўрганиши учун шароит яратиб берган. Уларнинг тўгаракларига пулни пенсиясидан бериб борган. Эльвира Саидмурод қизи республикада ўтказилган каратэ мусобақасининг ғолибаси, Наргиза Саидмурод қизи эса бадиий гимнастика бўйича вилоят совриндори.
Кенжабек невараси эса Тошкентдаги Республика санъат лицейини ҳамда Республика рассомлик коллежини тугатган. 2010 йилда “Янги авлод” танловида лауреат бўлган. 2011 йилда расмлар кўргазмасини ташкил этган. “Биз одам савдосига қаршимиз” расмлар кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллаб, сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.
Анор ая эринмасдан қишлоқдаги барча аёлларга, қизларга пазандалик сирларини ўргатади. Помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири, ошқовоқ ва гулларнинг уруғини қуритиб, алоҳида бўздан тиккан қопчаларга солиб сақлайди. Баҳорда шу уруғларни фарзандларига, қўни-қўшниларига тарқатиб, қандай экишни ўргатади. Ўғли Пирмамат февраль ойида помидор уруғларини махсус идишларга экиб, баҳорда қишлоқдошларига тарқатади. Мунаввар келинини чизмакаш дейишади. У ҳам қайнонасидан қолишмай миллий кашта ва ёстиққа гулларни нақшлайди, Альбина келини эса қизларга салат ва пишириқ тайёрлашни ўргатади. Ая эса уларни доим назорат қилиб боради.
Маҳаллада бўладиган байрамлара ая томошалар уюштиришни ҳам қойил қилади. Аёлларни йиғиб, фольклор ансамбли ҳам тузган. Бу ансамль халқ қўшиқ ва лапарларини ижро этиб, тилга тушган.
Қишлоқдагилар тўй ёки бошқа бирон тадбир қилмоқчи бўлса, дарҳол аяникига келиб, “Момо, бормасангиз бўлмайди. Кайвонимиз сиз, ўргатиб туринг”, дея олиб кетади. Маҳаллада бирор-бир оилада келишмовчилик юз берса ҳам аяни чақиришади. У эса дарҳол бу келишмовчиликларни бартараф қилади.
Анор ая доим “Бешикдан то қабргача илм изла” деган сўзни барчага таъкидлайди.
Аянинг қизи Ойгул бир воқеани шундай эслайди. Опамникида фотиҳа тўйи бўлаётганди. Қайнонаси “Қудаларга яхши мато қўйинг. Келганларни қуруқ қайтарманг”, деб қолди. Тўрда ўтирган аямнинг жаҳли чиқиб: “Латта-путталар қўйишни ким чиқарган?” дея савол берди.
Ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмади. Шунда аям “Қудалар ҳам матоларни олади-да, у ёққа борволиб, йўқ ердаги ғийбатларни қилади” деди.
Ҳанифа опа бўлса, “Бу урф-одатимиз-ку. Элчилик. Қилмаса уят бўлади” деди. Шундай аям “Ортиқча даҳмазанинг кимга кераги бор? Кейинги гал тўй-ҳашамларда бошқача йўл тутамиз. Кейинги йиғинларга худди эркаклар сингари пул олиб борамиз. Тоғора, мато қилмайсизлар. Латта-путталарни яқин олган қариндошлари қилаверсин. Тўй қиладиган одам дафтар тутиб, ким неча сўм берганини ёзиб қўяди. Бу ҳам қарз. Эртага бошқалар ҳам шунга қараб қайтаради. Йиғин қилаётган инсон қайси вақтга айтса, ўша пайтга боришга ҳаракат қилинг. Тўй ўтгандан сўнг ҳам қатор-қатор кириб келишни бас қилинг! Бечорани ҳар куни безовта қилманг. Боролмай қолган бўлсангиз, яна бир яхши кунида ўтасиз. Биз берган пул унинг бирор каму кўстига яраб қолади”, деган ташаббус билан чиқди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Гулсара келиннинг тўйига бориб, қизининг қўлига ручка дафтар тутдириб, аёлларнинг пулларини ёздиртирди. Шундан сўнг бу одатга айланди. Қўшни қишлоқдаги аёллар ҳам тезда ўрнак олишди. Бу воқеага ҳам 40 йилдан ошди. Қишлоқда янгича, замонавий урф-одатларга амал қилиш ҳамон давом этяпти.
Бир куни қўшнимиз Насвали хола “Қизим аразлаб келганига бир ҳафта бўлди. Қуда томон бирортаси олиб кетишга келмади. Икки ёшни яраштириб қўйинг”, дея аянинг ёнига келди.
“Қизингиз келган заҳоти ортига қайтариб юбормадингизми? Ҳамма айб ўзингизда. Сал қаттиққўл бўлишни ўрганинг!” дея ая қизни куёвникига қўйиб келади.
Бундай воқеалар унинг ҳаётида кўплаб бўлган. “Мен хотин-қизлар раиси бўлсам, биронта оила ажрашмайди”, дейди кайвони онахон. Қишлоқдагилар 89 ёшга кирган кайвони онахонга хурсандчилигини ёки ғам-ташвишларини айтиб, маслаҳатлар олади. Орамизда шундай эл-юртга фойдаси тегаётган кайвониларимиз бор бўлсин!
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг