Шаҳрихонда эшак гўштидан шашлик тайёрлаб сотилгани ростми?

09:43 24 Июль 2025 Жамият
492 0

Иллюстратив фото

Саминжон ҲУСАНОВ./”Халқ сўзи”. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Шаҳрихон туманидаги “Наманган шашлик” номли машҳур ошхонада эшак гўшти сотилаётгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боис санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Шаҳрихон туман бўлими томонидан мазкур ошхонада текширув ишлари олиб борилди. Унда маълум бўлишича, “Наманган шашлик” ошхонасида фаолият қонуний асосда ташкил этилган бўлиб, гўшт маҳсулотлари Наманган шаҳридаги “Зарбдор” масъулияти чекланган жамиятига қарашли кушхонадан олиб келинади. Сўйиш ветеринария врачи назоратида амалга оширилган, сўйиш акти тузилган ва гўшт лаборатория текширувидан ўтказилган. Маҳсулот ҳароратга чидамли махсус музлатгичларда сақланади ва санитария қоидаларига тўлиқ амал қилинади.

Ушбу маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, ижтимоий тармоқларда тарқалган шов-шувли хабарлар аслида ҳақиқатга тўғри келмайди. Шундай бўлгани ҳолда уни тарқатишдан, жамоатчиликнинг фикрини чалғитишдан, одамлар орасида шов-шув кўтаришдан мақсад нима?

— Бу каби сохта хабарлар кўпинча маълум тижорат субъектларига нисбатан ноҳалол рақобат кураш усули сифатида ишлатилади, — дейди ахборот технологиялари мутахассиси Равшанбек Эрназаров. — Баъзан бундай фейк маълумотлар обрўсизлантириш, мижозлар фикрини чалғитиш ёки ёлғон ахборот орқали эркин рақобат муҳитини бузиш мақсадида тарқатилади. Буни ташкилий ҳужум ёки рақобатни ноқонуний усуллар билан йўқотишга уриниш сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Демак, ижтимоий тармоқда тарқалган ҳар қандай шов-шувли маълумотга тўғридан-тўғри ишониш эмас, расмий манбалар орқали текшириб кўриш фуқаролик масъулиятининг бир қисми бўлиши лозим.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда эшак гўшти савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири моддий манфаатга боғлиқ. Буни оддий ҳисоб-китоб асосида ифодалаш мумкин. Яъни, қишлоқ жойларда битта эшакнинг нархи ўртача 1,5-3 миллион сўмни ташкил этади. Вазни 120-150 килограмм атрофида бўлиб, ундан тахминан 60-70 кг гўшт чиқади. Агар бу гўштдан шашлик тайёрланса 1 килосини 60-70 минг сўмдан сотиш мумкин бўлади. Натижада битта эшакдан тахминан 4,5-5 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин. Битта қўйнинг нархи эса 3-3,5 миллион сўмни ташкил этади ва ундан 18-25 кг гўшт чиқади. Ушбу миқдордан тайёрланган шашликдан олинадиган умумий даромад 1,5-2 миллион сўмдан ошмайди. Шу боис айрим ҳудудларда моддий манфаатни биринчи ўринга қўйган фуқаролар бу каби жирканч ишларга ҳам қўл урмоқда.

Орамизда ўз манфаати учун ўзгалар манфаатини оёқ ости қилувчилар топилар экан, демак, эҳтиёткорликка суяниш барибир муҳим ҳисобланади. Шу боис эшак гўштининг қўй ёки сигир гўшти билан фарқларини билиб олиш фойдадан холи бўлмайди.

— Эшак гўштининг ташқи кўринишида қўй ёки мол гўштига ўхшаш жиҳатлар мавжуд, — дейди мутахассис Собиржон Долимов. — Пиширилганида қовоқсимон, баъзан металлсимон таъм беради. Гўшт истеъмолида шубҳали ҳолатлар кузатилиши билан санитария соҳаси мутахассисларига хабар бериш ўринли бўлади.

Бу каби ҳолатларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам, Жиноят кодексида ҳам истеъмол учун яроқсиз маҳсулотни тайёрлаш ёки сотиш, инсон саломатлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар учун молиявий жарималар ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Агар ушбу қилмиш оқибатида одамлар соғлигига зарар етказилса, бу ҳолат Жиноят кодексининг 186-моддаси асосида жиноий иш қўзғатилишига олиб келиши мумкин.

Масалага диний нуқтаи назардан қаралганда ҳам эшак гўштини ейиш мутлақо ҳаром ҳисобланади. Яъни, Анас розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадис эшак гўшти ҳаромлигига очиқ-ойдин далилдир. Хайбар фатҳи куни қишлоқдаги эшаклар қўлга киритилиб, айримлари сўйиб пиширилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!» деб нидо қилдилар. Бас, эшак гўшти қайнаб турган қозонлар ағдариб ташланади» (Имoм Бухорий ривояти).

Уламолар фикрига кўра, эшак тозалик жиҳатидан шубҳали экани учун унинг гўшти ҳаром қилинган. Эшак гўшти кўп ҳолларда паразитлар ва юқумли касалликлар манбаи бўлиши мумкин. Шу боис, унинг гўштини сотиш нафақат дунёвий жиноят, балки исломий жиҳатдан ҳам катта гуноҳ саналади. Шунинг учун жиғилдонига эрк берган айрим юртдошларимизни моддий манфаат деб саломатлик ва иймонга зарар етказмасликка чақириш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда эҳтиёткорлик ва онгли танлов қилишга одатланишимиз зарур. Сифати ва манбаи номаълум бўлган, шубҳали маҳсулотлардан воз кечиш орқали ўз саломатлигимизни ҳимоя қилиш баробарида, жамиятдаги хатарларнинг ҳам олдини олган бўламиз.

Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга қайтадиган бўлсак, фақатгина расмий ва ишончли манбалар тарқатган маълумотларгагина асосланиш ўринлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер