Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда — Қонун лойиҳаси

17:21 15 Август 2023 Сиёсат
950 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қурилиш соҳасига оид уларга хос бўлмаган айрим ваколатларини тугатишга қаратилган — «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодексидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммоларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди. Ҳужжатдаги айрим нормалар юзасидан турли саволлар ўртага ташланди ва уларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер