Сессияда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди

19:18 25 Сентябр 2023 Сиёсат
521 0

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини «яшил энергия» ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Навоий шаҳар ҳокими Д.Эргашев ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосари Ў.Ҳақбердиевнинг ҳисоботлари эшитилди.

Ҳисоботларда шаҳарда кўп қаватли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 78 та кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, 34 та кўп қаватли уй-жойнинг 46 минг кв.м том қисми, 37 тасининг ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 11 тасининг эса фасад қисми таъмирлангани ҳақида ахборот берилди.

Бундан ташқари, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мақсадида 3 та маҳалла фуқаролар йиғинига 15,8 км электр тармоғи тортилган. Шунингдек, электр узатиш тармоғи таянчлари янгисига алмаштирилиб, аҳолининг электр энергияга бўлган талаби кундан-кунга ортиб бораётгани инобатга олинган ҳолда, янги трансформаторлар ўрнатилган.

Сессияда депутатлар ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа тоифадаги истеъмолчиларга зарур миқдорларда энергетика ресурсларини етказиб бериш бўйича мунтазам равишда «маҳаллабай» тизимида ўрганишлар олиб бориш лозимлигини қайд этдилар.

Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини «яшил энергия» ресурслари билан барқарор таъминлаш масаласига шаҳарда устувор аҳамият қаратилмоқда.

Хусусан, ижтимоий соҳа ва давлат ташкилотларига 2 940 кВт кичик қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 4 776 кВт ўрнатилган ва режа 163 фоизга бажарилган. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ҳамда аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Сессияда маҳаллий кенгаш депутатлари муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз муносабатларини билдирди. Хусусан, Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Бекзод Улуғназаров қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш имкониятларини яратиш, электр йўқотишларини камайтириш, «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилаларга маҳаллий буджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилишини таъминлаш, маъмурий-маиший бино ва иншоотларда, шу жумладан аҳоли массивлари ва хонадонларида муқобил энергия манбаларини қўллаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлини қайд этди.

Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда депутатлар томонидан берилган саволларга тегишли раҳбарларнинг жавоблари эшитилди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамда қуйи палатанинг бир қатор депутатлари иштирок этди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шу куни Навоий шаҳар Кенгаши депутатлари, маҳаллий партия ташкилотлари фаоллари иштирокида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини, фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, бунда улар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, партия гуруҳлари фаолиятини янада жонлаштириш, доимий комиссиялар ишини такомиллаштиришга бағишланган семинар ҳам ўтказилди.

Унда Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш ҳамда натижадорлигини таъминлаш, сайловчилар билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, депутатларнинг амалий кўникма ва малакаларини ошириб бориш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер