Серқирра ижодкорнинг кўнгил товушлари

11:33 28 Март 2026 Маданият
532 0

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида таниқли журналист, моҳир публицист ва истеъдодли шоира Нурхон Элмирзаеванинг «Кўнгил товушлари» шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.

500 га яқин шеърларни ўз ичига жамлаган ушбу салмоқли нашр Ватан соғинчи, ота-онанинг шахс баркамоллигидаги ўрни, фасллар ранглари, мусофир изтироблари, дийдорлик саодати, устозлар иззати, меҳр-оқибат каби ҳар бир уйғоқ қалбли инсонни қийнайдиган абадий туйғуларни теран ифодалайди.

Ҳар бир шеъри муаллифнинг олам узра туганмас ҳайратлари, ўтинчи, тазарруси, виждон овози ва чексиз соғинчларининг, бетакрор она табиатнинг гўзал нилий тасвирлари, ўз-ўзини, ички қалб дунёсини, руҳий эврилишларни тўхтовсиз тадқиқ этаётган аёлнинг юксак тафаккур хулосаларидир.

Тақдимотда иштирок этган олим ва ёзувчилар, ижодкорлар китобнинг аҳамияти ва бадиий қиймати, ютуқ ва камчиликлари хусусида ўзларининг илмий ва бадиий фикр-мулоҳазаларини ифода этишди.

— Шеърият, бу – қалбнинг қудратли тили, озод руҳнинг баралла овозидир. У тасаввурлардан эмас, қалбда қайнаб, сўнг тошган туйғулардан туғилади. Нурхоннинг шеърларини ўқир экансиз, қоронғи кулбангизни оҳиста ёритиб тонгги қуёш нури кўнглингизни илитиб келаётгандек туюлади, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ҳафиза Эгамбердиева. — Бу нур қотмоққа шайланган кўнгилни аста юмшатиб, бекинмоқ истаган гўзал туйғуларни ташқарига ҳайдайди.

Нурхон Элмирзаеванинг шеърлари қозоқ, қорақалпоқ, озарбайжон, турк ва рус тилларига таржима қилинган.

«Қанот» лойиҳаси доирасида «Янги китоб» нашриёти томонидан чоп этилган мазкур тўплам ижодкорнинг илк китоби экани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер