Сергели тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш масалалари ўрганилди
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А. Эшмуратов Тошкент шаҳри Сергели тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида тумандаги «Бунёдобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган ишлар атрофлича кўздан кечирилди.
Шунингдек, маҳалла аҳолиси учун мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларни қийнаб келаётган долзарб муаммолар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Ўрганиш жараёнида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий инфратузилмани ривожлантириш, хусусан, видеокузатув камералари, домофон тизимлари ва «ташвиш тугмалари»ни ўрнатиш, уларни ягона назорат тизимига улаш ҳамда профилактика инспекторларининг кундалик фаолиятида самарали қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.
Ўрганиш натижалари юзасидан «маҳалла еттилиги», профилактика инспекторлари, сектор раҳбарлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама ўтказилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, профилактик тадбирларни манзилли ва тизимли ташкил этиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бирга, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича ишларни доимий мониторинг қилиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг