Сергей Лавров Ғарбни Россиядан 300 миллиард ортиқ долларни «ўғирлаш»да айблади
Фото: РИА «Новости»
Ғарб давлатлари Россиядан газ учун тўлов сифатида «Газпром»нинг Ғарб банкларидаги ҳисобларида бўлган 300 миллиарддан кўпроқ долларни «ўғирлаган». Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтиб ўтди.
«Ушбу вазиятга қадар имзоланган шартномаларда тўловлар доллар ва еврода кўзда тутилган. Бу тўловлар тўғридан-тўғри «Газпром» ҳисоб рақамларига ўтказилган ва Ғарб банкларида сақланган. Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланганидан сўнг, ғарблик «дўстларимиз» биздан 300 миллиард доллардан кўпроқ пул «ўғирлашди», аслида эса улар газ учун ўзлари тўлаган пулни «ўмаришди», дейди Сергей Лавров. Унинг қўшимча қилишича, Ғарб давлатлари аслида узоқ йиллар давомида Россия газидан текин фойдаланган.
Унинг сўзларига кўра, Москванинг асосий хулосаси шу бўлдики, Россия Ғарб давлатларига ҳеч нарса учун, айниқса, иқтисодиёт, технология, озиқ-овқат ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа кундалик эҳтиёжлар каби соҳаларда таяниши мумкин эмас. Шу билан бирга, Лавров Россия томони ҳеч қачон ҳеч бир давлат билан муносабатларни сақлаб қолишдан бош тортмаслигини таъкидлади.
«Агар одамлар жиддий хато қилганликларини ва нотўғри йўл тутишганини англаб олсалар, биз келажакда муносабатларни янгилашга ҳаракат қиламиз. Ҳар ҳолда, биз мамлакатимиз ҳаётининг муҳим соҳаларида таъминлашимиз керак», дейди вазир.
Шунингдек, у мамлакатнинг асосий ҳамкорларининг аксарияти Россия гази учун ҳақ тўлаш бўйича Москва таклиф қилаётган схемага ўтганини, чунки улар зангори олов учун тўлаш валютасида фарқ йўқлигини қайд этди.
Маълумки, 24 февраль куни Россия Украина ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошлади. Ўшандан бери Буюк Британия, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар киритди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг