Сени телевизорда кўрдим – Президент ёшлардан бирини таниди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Фарғона вилоятига ташриф буюрган ва вилоятга сафарини Олтиариқ туманидаги «Файзли боғлар сари» узумчилик кооперациясидан бошлаган эди.
Мирзиёев у ерда ёшлар билан ҳам учрашди. Президент матбуот хизматининг «Махсус ракурс» дастурида ҳикоя қилинишича Президент ёшлардан бирини дарҳол таниган.
Президент «Қани, Сардор, гапиринг», дея юзланган ёшлардан бирига. Давлат раҳбари ёшлардан «Телевизорда ҳам чиқдинг-а, телевизорда кўрдим мен сени. Майли сизлар тайёргарлик қилгансизлар, амалда бирор нарса ўзгарганини сезяпсизларми йўқми? Ўзларингда, ҳар бирларингда», деган саволига барча ёшлар бир овоздан «Сезяпмиз» деб жавоб берган.
«Ўзга юртда юриб, алданиб, пулимни ололмадим, ўртоқларим айтишганди шунга келдим, ишлаяпмиз. Биринчи ҳосилимизга карам экдик. Ҳар бир одамга 12 сотихдан бўлиб берилди. Ота-онамнинг олдидаман, бағридаман», дея ўзи ҳақида гапириб берган ёшлардан бири.
Президент учрашувдаги ёшларга қарата «Мусофирликда яшаш қандай оғир?! Барибир ўз устиларингда ишлашларинг керак. Ҳар бир инсон эришган муваффақиятига ҳеч қачон қониқиш ҳосил қилмаслиги керак. Ўзбекистоннинг қаноти, кучи сизлар бўласизлар», деди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг