Сенаторлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда
Бугун дунё миқёсида экологик муаммоларни бартараф этиш, келажакда юз бериши мумкин бўлган иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалиётга татбиқ этилмоқда.
Маълумки, сўнгги вақтларда турли минтақаларда тез-тез кузатилаётган кучли ёғингарчиликлар, ер силкинишлари, ўрмон ёнғинлари, тўфонлар, қурғоқчилик ва сув тошқинларининг ҳаммасига иқлим ўзгариши ва антропоген таъсирлар сабаб бўлмоқда.
Ана шундай турли хавф-хатарлар ва муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 2021 йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Шунингдек, мазкур йиғилишда мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, ҳар йили 200 млн туп дарахт кўчатларини экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам ушбу лойиҳада фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, бугун 14 ноябрь куни Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар, Ўзбекистон экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти, “Экоклуб” аъзолари Тошкент кимё-технологиялари институти профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар билан учрашиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасидан кўзланган мақсад, унинг келажак учун қанчалар муҳим эканлигига тўхталдилар.
Тадбирда Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев ҳамда бошқа сенаторлар иштирок этиб, лойиҳа мазмунини батафсил тушунтирилди.
Шундан сўнг сенаторлар, университет ҳудудида ташкил этилаётган боғга профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирокида дарахт кўчатларини ўтказди.
Худди шундай “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Улуғбек Файзиев ҳам кузги кўчат экиш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Куни кеча сенатор бошчилигида Кармана туманида жойлашган ҳудудларга турли мевали ва манзарали кўчатлар экиш тадбири ташкил этилди.
Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам сенаторлар ушбу лойиҳада фаол иштирок этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг