Сенаторлар томонидан давлат дастури доирасида қурилаётган ижтимоий соҳа объектлари ўрганилмоқда
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги «2022 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан прокурор назорати ҳолати Тошкент вилоятида ўрганилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида сенаторлар жорий йилнинг 24 октябрь куни Чирчиқ шаҳридаги “Ифтихор” МФЙ ҳудудида янги қурилаётган 250 қатновли оилавий поликлиникага ташриф буюриб, объектда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳолати билан танишди.
Ўрганишда объектда қурилиш ишлари режадан орқада қолаётганлиги, шунингдек, қурилишга жалб этилган ишчилар сони камлиги маълум бўлди.
Сенаторлар томонидан масъулларга қайд этилган камчиликларни бартараф этиш учун объект қурилишига қўшимча ишчи кучини жалб этиш, энг муҳими объектни сифатли ва ўз вақтида қуриш бўйича тегишли топшириқлар ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги 300 қатновли янги оилавий поликлиника амалга оширилган қурилиш ишлари сифати билан танишилиб, айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг Чирчиқ шаҳридаги “Хумо” МФЙ ҳудудида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган қайта таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.
Маълум бўлишича, мактабда қурилиш ишлари режага кўра жорий йилнинг август ойида тугалланиши керак эди, масъул ташкилотларнинг етарлича назорат ўрнатмаганлиги оқибатида қурилиш ишлари ҳамон давом этмоқда.
Бу каби ҳолатлар шаҳардаги “Адолат” МФЙ ҳудудида жойлашган 21-сонли умумтаълим мактабида ҳам қайд этилди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан сенаторлар томонидан қурилишга масъул бўлган шахсларнинг изоҳлари тингланди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда объектларни сифатли ва белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш кераклиги қайд этилди ҳамда прокуратура органлари томонидан алоҳида назорат олиб борилиши белгиланди.
Сенаторларнинг парламент назорати доирасида ўтказаётган ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг