Сенаторлар электрон тижорат соҳасини ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди

20:22 12 Март 2026 Сиёсат
312 0

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида сенаторлар электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг муҳокамаси давомида электрон тижорат иштирокчилари ҳамда операторларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, шунингдек, трансчегаравий электрон тижоратни амалга ошириш, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятларини тартибга солишни назарда тутувчи ўзгартиришлар мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

Бундан ташқари, «Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Унга асосан электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларига солиқ солиниши ва уларнинг ҳисобга қўйилиши ҳамда ҳисобдан чиқарилиши борасида янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, товарларни мажбурий маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши бўйича масофавий солиқ текширувини мазкур қоидаларни бузиш ҳолатлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан кейин ўтказиш белгиланмоқда.

Қўмита аъзолари ўз чиқишларида ушбу Қонун аҳолини сифатли ва ишончли маҳсулотлар билан таъминлашга, яширин иқтисодиётни янада қисқартиришга ҳамда солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер