Сенатор «Ташаббус — 2021» кўрик-танлови республика босқичининг бош ҳаками этиб сайланди
Ўзбекистонда фермерлик ҳаракати ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар нечоғлик самара бермоқда? Соҳа вакиллари ўз имкониятларидан қанчалик фойдаланмоқда? Бу каби саволларга жавоб олишни истасангиз пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»га боришни тавсия қиламиз. Чунки бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган «Ташаббус — 2021» кўрик-танловнинг финал босқичи бўлиб ўтмоқда ва унда бутун республикамизнинг энг сара 69 нафар фермери, тадбиркор ва ҳунарманди йиғилган.

Яна мажмуада ер эгалари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқарилган замонавий маҳсулотлар, уста ҳунарманд қўлида сайқал топган турли ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси намойиш этилганки, бу ҳам ташриф буюрувчига янада тўлиқроқ маълумот олиш имконини беради.
Қисқаси, ушбу майдон барча очиқ. Иштирокчилар фаолияти билан яқиндан танишиш баробарида, уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиш, фикр алмашишингиз мумкин.
Биласиз, мазкур кўрик-танлов анъанавий тус олган. Уни ўтказишдан асосий мақсад эса ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантирувчи бизнес муҳити яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг аҳамиятини ошириш, тадбиркорлик йўналишидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларни тарғиб қилиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликка кўмаклашиш ва рағбатлантиришдир.

— Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 майдаги фармойиши асосида ўтказилаётган бу йилги танловда илк бор барча босқичларда ғолибларни аниқлашда шаффофлик ва адолат принципини таъминлаш мақсадида унда иштирок этиш учун аризалар электрон платформа орқали қабул қилинди, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов. — Бундан ташқари, бу йилги танлов доирасида мамлакатимиздаги илғор тадбиркорлик субъектлари тажрибаси аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинди. Таниқли ва етакчи ишбилармонлар билан ёшлар ўртасида мулоқотлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, галдаги кўрик-танловнинг яна бир муҳим янгилиги бор. Гап шундаки, танловнинг асосий бешта йўналиши қаторида, бу йил республика босқичи иштирокчилари орасидан «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли» номинацияси ғолибига ҳам Президент соврини — енгил автомобиль тақдим этилади.

Айтиш керак, жорий йилги таловда ҳам иштирокчилар кўп бўлди. Хусусан, туманлардан 13164 киши иштирок этиш учун ариза топширган бўлса, шундан 970 нафари кўрик-танловнинг вилоят, 69 нафари эса республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Шулардан бири Наманган шаҳрида жойлашган “Namangan рorloq тamirlash servis” масъулияти чекланган жамияти қурилиш учун зарар бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхонанинг қуруқ қурилиш моллари, рангли бўёқлари, елим маҳсулотлари, гулқоғозлари ички ва ташқи бозорда “Kok saroy” бренди билан яхши таниш.

Корхона иш юритувчиси Муҳаммадниёз Собировнинг айтишича, корхонанинг жойларда филиаллари ҳам мавжуд ва шу йили ишга тушириладиган лойиҳалар ҳам мавжуд. Хусусан, Сирдарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида корхоналари барқарор ишлаб турибди. Наманган вилояти Давлатобод туманидаги жорий йилда амалга оширилиши кутилаётган 3 миллион долларлик лойиҳа асосида эса яна 200 киши доимий иш билан банд қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган «Ташаббус — 2021» кўрик-танловнинг республика босқичи байрамона кайфиятда бошланди. Тадбирнинг асосий қисмида, шунингдек, ҳайъат аъзолари таркиби ҳам аниқлаб олинди. Кўрик-танловнинг бош ҳаками сифатида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Э. Гадоев сайланди.

Кўрик-танлов иштирокчилари кўнглидаги, умуман, барчани қизиқтираётган «Президент совринини ким қўлга киритар экан», деган саволга эса эртага соат 16-00 да бошланадиган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида жавоб оламиз.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
(«Халқ сўзи»).
Сардор МУЛЛАЖОНОВ олган суратлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг