Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш муҳокама қилинди

13:31 03 Февраль 2022 Сиёсат
908 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, туризм йўналишини миллий иқтисодиётнинг драйвер соҳаларидан бирига айлантириш мақсад қилиб олинган. Бунда фойдаланилмаган кенг имкониятлар, табиий шароит, тарихий ва маданий обидалар мавжуд. Тарихий маданий обидаларимиз нафақат моддий мерос сифатида, балки халқимизнинг маънавий бойлиги сифатида ҳам аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ҳам моддий маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Муҳокама давомида, Сенат томонидан Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрганишлар мобайнида моддий маданий мерос объектларига жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланганлиги, давлат муҳофазасига олинган айрим археологик объектлар йўқ бўлиб кетганлигини ҳам таъкидланди.

Айрим ҳолларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида амалга оширилаётган ишлар реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий қимматига кўп миқдорда зарар етказилмоқда.

Жумладан, Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида олиб борилган реставрация ишлари аҳволи ўрганилганида мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида унинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бу турдаги ҳуқуқбузарликларни фош этиш ва олдини олиш бўйича махсус билим ва тажриба, шунингдек замонавий ёндашув талаб этилишини, тергов жараёнлари малакали терговчилар томонидан олиб борилиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини белгилаш мақсадида «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.

Қонун билан моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда ва тўлиқ бажарилмаганлиги юзасидан жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер