Сенат Раисининг биринчи ўринбосари ЎзМУ талабалари билан учрашди

11:28 24 Декабрь 2020 Спорт
1198 0

Яқинда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари  Содиқ Сафоев иштирокида Ўзбекистон Миллий Университетида учрашув ўтказилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шу жумладан, регбини янада оммалаштириш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар ва инфратузилма яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ЎзМУнинг Таэквондо ва спорт фаолияти факультетида регби бакалавриат таълим йўналишига 45 нафар талаба қабул қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Регби Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий Университети ўртасида мамлакатимизда аёллар орасида регби спорт турини ривожлантириш, чекка ҳудудлардаги иқтидорли спортчи хотин-қизларни топиш, уларни келажакда Ўзбекистон номидан жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Регби Федерацияси Президенти С.Сафоев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси А.Халилов томонидан мазкур олий ўқув юрти Ахборот-ресурс марказига китоблар жамланмаси тақдим этилди.

Учрашувда китоблар — инсоннинг ақлий ривожланиши, тасаввури кенгайиши, маънавий олами бойишида асосий туртки бўлишини, қолаверса, кишининг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, билим манбаи эканлиги таъкидланиб, талаба-ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер