Сенат Раиси: "Ҳамжиҳатликда бу синовдан ёруғ юз билан ўтиб оламиз"
Бугун бутун инсониятни ташвишга солиб турган коронавирус инфекцияси ҳар биримиздан бу “кўринмас ёв”ни биргаликда жиловлаш, унга қарши ҳамжиҳатликда курашишни талаб этмоқда. Шунинг учун ҳам жорий йилнинг илк кунлариданоқ коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан тезкор чоралар кўрила бошланди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан аҳолининг коронавирус инфекцияси тўғрисидаги хабардорлик даражаси ва унга муносабатини ўрганиш юзасидан сўров ўтказилганида, респондентларнинг қарийб ярми, яъни 48,1 фоизи COVID-19 ҳақида батафсил маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди.
Шунинг учун оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилди. Тарғибот тадбирлари бугунги кунда ҳам нақадар муҳимлиги ҳаммамизга аён. Чунки кўриб турганимиздек, бошқа давлатларда карантин қоидаларига амал қилинмаганлиги натижасида беморлар, вафот этганлар сони тобора ортиб бормоқда. Фуқароларимиз ичида ҳам ўзи ва яқинларининг саломатлигига масъулият билан ёндашмайдиган, санитария-гигиена коидалари, карантин тадбирларини билмайдиган, уларга бўйсунмайдиганлари, афсуски, учраб турибди.
Ҳар бир фуқаронинг саломатлиги муҳим
Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ишлари давлатимизнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди ва бу ишларни тез ва сифатли амалга ошириш юзасидан Ҳукуматга аниқ вазифалар топширилди. Мазкур тезюқар касалликка қарши курашиш ишларига нафақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги, балки барча мутасадди давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар сафарбар этилди.
Мамлакатимизда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида тезкорлик билан кўрилаётган чоралар нафақат ҳамюртларимиз, балки бошқа давлат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда.
Президентимизнинг махсус фармойиши билан Ҳукуматимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси тузилди ва ушбу комиссия томонидан туну кун амалга ошираётган тезкор чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг қатъий назоратига олинди.
Бу касалликнинг республикамиз ҳудудига шиддат билан кириб келиши ва кенг тарқалишини бартараф этиш мақсадида дунёнинг барча давлатлари билан авиақатновлар, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилди. Оммавий тадбирлар ва тўй-тантаналар ўтказилиши ҳам вақтинча тақиқланди. Дафн маросимларини 10 – 15 кишидан кўп бўлмаган фуқаролар, асосан, оила аъзолари ўртасида ўтказишга оид чекловлар ўрнатилди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган илк кун, яъни 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасаларидаги 8 миллион 300 минг фарзандларимизга таътил берилди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда яшаш жойларига жўнатилди.
Таълимда узилишларнинг олдини олиш мақсадида 30 мартдан бошлаб теледарслар, интернет тармоқлари орқали видео ва онлайн дарслар эфирга узатилмоқда. Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга турли хизматларни кўрсатиш ишлари ҳам онлайн режимига ўтказилди.
Кўчаларда транспорт қатнови, шунингдек, фуқароларнинг заруратсиз уйдан ташқарига чиқиши чекланди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди, сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди.
Республикамиз ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида карантинга олиш мақсадида махсус тиббиёт муассасалари ажратилди. Қисқа фурсат ичида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманлари ҳамда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида махсус шифохоналар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Яна бир аҳамиятга молик жиҳат, хориждаги ватандошларимиз чартер авиарейслари орқали юртимизга олиб келинди.
Коронавирус инфекцияси муаммоси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларда Президентимиз халқимизга мурожаат қилиб, “Мен учун ҳар бир фуқаронинг саломатлиги муҳим”, дея барча масъулларни ҳушёрликка чорлади. Ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида барча куч ва имкониятлар сафарбар этилиши, дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида етарлича захира мавжудлиги, энг асосийси, саросима ва ваҳимага тушишга асос йўқлиги алоҳида таъкидлади.
Мамлактимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда шиддат билан амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга қарамасдан, қатор йўналишлар, жумладан, тиббиёт сохасида, айниқса, санитария-эпидемиология тизимида қатор муаммолар тўпланиб қолгани ҳам сир эмас.
Давлатимиз раҳбари бу масалага алохида урғу бериб, ушбу тизим йиллар давомида эътибордан четда қолгани, унинг моддий-техника базаси ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, кадрлар салоҳияти етарли эмаслигини таъкидлаб ўтди. Тиббиёт сохасини риволантириш ишлари изчиллик билан давом эттирилиши юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Инқирозга қарши 10 триллион сўм
Дунё миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалиши ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжири ва савдо алоқалари издан чиқишига сабаб бўлаётгани барчага маълум.
Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари, халқаро молия институтлари ҳам пандемия оқибатлари мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишига эътибор қаратмоқдалар.
Бундай омилларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2020 йил 19 март куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унга 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Мазкур жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг устувор йўналишлари этиб коронавирус тарқалишига қарши кураш тадбирларини молиялаштириш, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш каби кечиктириб бўлмас вазифалар белгиланди.
Президент Фармонида 2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод этиш белгиланди. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар учун берилган солиқ ва бошқа имтиёзлар кўлами ҳам ҳар жиҳатдан кенгдир. Табиийки, бу каби меъёрлар тегишли қонунларда акс этилиши лозим, бу йўналишда амалий ишлар бошланди ва ижроси таъминланади.
Шуни алоҳида қайд этишимиз лозимки, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги яна бир Фармон лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу хужжатдан ўрин оладиган қўшимча чора-тадбирлар халқимизнинг даромадларини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларимизни янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бугунги кун қаҳрамонлари
Тиббиёт ходимлари мазкур пандемияга қарши курашишда фидойилик кўрсатмоқда. Эътибор беринг: ҳали уларнинг бирортаси касалликни юқтириб олишдан қўрқиб, ўзини четга олмади, миллат саломатлиги йўлида туну-кун меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар мутахассисларининг меҳнатини эътироф этиш зарур. Шу муносабат билан соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш давлатимизнинг диққат марказида турибди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида вирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларига давлатимиз раҳбарининг махсус қарори билан 100 миллион сўмдан компенсация тўланиши белгиланди.
Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, карантин объектлари ва коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига лавозимига кўра ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 5 миллиондан 25 миллион сўмгача миқдорда махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан тиббиёт ходимларининг меҳнатига муносиб хақ тўлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ишлари бундан кейин ҳам давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.
Аҳоли муаммоларини ҳал этиш ҳар қачонгидан муҳим
Бу шароитда парламент аъзолари ҳам ўзларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олдилар. Қисқа муддатларда пандемия тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Вазиятдан келиб чиққан холда Сенатнинг ялпи мажлиси илк бор видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди ва бу жараён “Электрон парламент”нинг жорий этилишида дастлабки қадам бўлди.
Бугун ушбу қонунларнинг хаётга татбиқ этилишида, аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларининг олиб борилишида маҳаллий Кенгаш депутатлари, сенаторларимиз фаол қатнашяпти.
Коронавирус пандемиясининг тарқалиши биз учун катта синов ҳам бўлмоқда. Нафақат ушбу пандемия, умуман, агарда келгусида шунга ўхшаш фавқулодда вазиятлар юзага келган холатларда, макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир қилиши мумкин бўлган омилларнинг барвақт олдини олиш, бу борада қонунчилигимизни янада такомиллаштириш масалаларини ўрганишга киришдик.
Бундан ташқари, Сенатнинг кун тартибида тиббиёт сохасидаги муаммоларни чуқур ўрганиш, айниқса, аҳолининг соғлом овқатланишини ташкил этиш, овқатдан заҳарланиш холатларнинг олдини олиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларни соғломлаштириш каби масалалар турибди. Бизнинг махсус ишчи гуруҳларимиз томонидан мавжуд муаммолар таҳлил қилинмоқда, бу борада Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилади ва албатта, улар билан биргаликда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан зарур ишлар амалга оширилади.
Ҳаммамизга яхши маълум, Янги Ўзбекистон қурилишида давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорлари асосида ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига, қисқача айтганда, камбағалликни камайтириб, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу масала, айниқса, бугунги вазиятда жуда катта аҳамиятга эга. Шу муносабат билан ижтимоий нафақа олувчиларнинг сони 10 фоиз ёки 60 мингтагача кўпайтирилиши, тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқароларга қатор янги имтиёзлар жорий этилиши, ишсиз фуқароларимизнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган тезкор чоралар коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган инқироз ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ишлар халқимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланишини ташкил этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига маблағ ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Қувонарлиси, ушбу ташаббусимиз бошқа давлат идоралари, нодавлат ташкилотлари ҳамда бизнинг азиз юртдошларимиз, саховатпеша инсонларимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда, улар бу хайрли ишга қўшилиб, хайрия акциясининг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Бундан ташқари, сенаторларимиз ва жойлардаги депутатларимиз аҳоли мурожаатларининг ҳар бирига эътибор билан қараб, уларнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш ишларини ташкил қилмоқдалар. Бунда карантин тартибларини эътиборга олиб, масофадан туриб мулоқот қилиш тизими кенг жорий этилмоқда.
Сенаторларимиз шуғулланаётган масалалардан яна бири – озиқ-овқат махсулотлари, дори ва гигиена воситаларига нарх-наволарнинг ошиб кетмаслигини қаттиқ назоратга олиш, бу мақсадда ҳудудлардаги ва пойтахтимиз бозорлари, савдо мажмуалари ва дорихоналардаги холатларни ўрганиб бориш ҳамда бу борада Ҳукуматга амалий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.
Яқинда Сенат кўмаги ва назорати остида Тошкент шаҳрида вақтинча ишлаган, аммо карантин туфайли ўз ҳудудларига қайтишга қийналиб турган 2 минг нафарга яқин юртдошларимиз ўз уйларига етиб олди.
Бугун коронавирус пандемияси билан боғлиқ тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш, барча соҳаларда режалаштирилган ишларимизга, айниқса, иқтисодий ислоҳотларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш ҳар бир раҳбарнинг юксак масъулиятли бўлишини тақозо этади. Албатта, бу пандемия барчамиз учун кутилмаган холат бўлди ва кўпчилик бунга тайёр ҳам эмасди.
Лекин сўнгги кунларда халқимиз бирдамлик ва хамжихатлик намунасини кўрсатиб, Республика ишчи гуруҳи тавсияларига амал қилмоқдалар. Турли соҳалар раҳбарлари, депутат ва сенаторларнинг уюшган ҳолда фаолият кўрсатиши эса тез кунларда коронавирусни енгиб, ижобий натижаларга эришишимизга олиб келади, албатта.
Зеро, давлат ва жамоат ташкилотлари, умуман, бутун халқимиз билан бир бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, бу синовдан ёруғ юз билан ўтиб оламиз.
Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг