Сенат Ўзбекистоннинг биринчи аёл элчисини тасдиқлади
Олий Мажлис Сенати бешинчи ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатига Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сенаторлар Феруза Юлдашевна Махмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева шу кунга қадар мамлакатимиз 130 дан зиёд хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган бўлса, уларда ҳали бирорта аёл элчи тайинланмаганини таъкидлади.
– Феруза Юлдашевна мустақил Ўзбекистоннинг биринчи аёл элчиси сифатида тарихда қолади, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Бу шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Қолаверса, унинг бундай масъулиятли лавозимга лойиқ топилгани мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ишонч ва эътироф намунасидир. Ишонамизки, бундай эътибор ва эътирофга бундан кейин ҳам кўп маротаба гувоҳ бўламиз. Зеро, ўзбек аёллари бунга муносибдир.
Сенаторлар Ф.Маҳмудованинг фаолиятига муваффақиятлар тилади ва хорижда, хусусан, Исроилда мамлакатимиз манфаатлари йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, ўз фаолиятини намунали йўлга қўйишига ишонч билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг