Сенат Кенгашининг Андижон вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида “Йўл хариталари” ижроси муҳокама қилинди

22:59 04 Октябр 2023 Сиёсат
594 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Маълумки, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ Андижон вилоятининг туманларини (шаҳарларини) ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилишини таъминлаш бўйича “Йўл хариталари” тасдиқланган ва амалга оширилмоқда.

Вилоятнинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, “Йўл хариталари” ижроси устидан алоҳида тартиб асосида самарали парламент ва депутатлик назорати йўлга қўйилган.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Андижон вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида парламент назорати доирасида “Йўл хариталари” ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тасдиқланган Андижон вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижро этилиши борасида қатор натижаларга эришилган.

Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) 2022 йилда 54,5 трлн сўмга етказилиб, 2017 йилга нисбатан 34,7 трлн сўмга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми эса 6,6 млн сўмдан 16,6 млн сўмга ортган.

2017 йил 1 январь ҳолатига саноат корхоналари сони 5,2 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 10 мингдан ошган, натижада ЯҲМ ҳажмида саноатнинг улуши 11,2 фоиздан 23,4 фоизга етказилган.

Жорий йилнинг январь-август ойларида 3 мингта янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилган ва бугунги кунда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 24 мингдан ортган.

Инвестиция дастурлари доирасида 76,3 млн долларлик 221 та лойиҳа ишга туширилган. 422,3 млн долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган, 40 дан ортиқ янги корхона маҳсулотлар экспорти фаолиятига жалб қилинган, 3 та хорижий давлатга илк бор экспорт амалга оширилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудий бандлик дастури ижросини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 91 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг 78,7 минг нафардан ортиғига, “Ёшлар дафтари”даги 32,4 минг нафар ёшларнинг қарийб 23 минг нафарига амалий ёрдам кўрсатилган.

Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантириш мақсадида 226,5 млрд сўмлик 916 та микролойиҳа амалга оширилган ва 5 160 та янги иш ўрни яратилган. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун 4,1 минг фуқарога қарийб 26,4 млрд сўм миқдорида субсидия ажратилган. Бандликни таъминлаш дастури доирасида 431,4 минг киши иш билан таъминланган.

Бундан ташқари, 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумига аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини тайёрлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Шу билан бирга, ишчи гуруҳлар тузилиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар.

Ҳудудлардаги 282 та саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми, 375 та хизмат кўрсатиш корхонасида хизматлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси Хонобод шаҳри ва Улуғнор туманида пастлигича қолмоқда. Фаолияти тугатилган корхоналар сони ўтган йилга нисбатан Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманларида ортган.

Андижон ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Андижон шаҳрида солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги ошган.

Жалақудуқ туманидаги ёшлар саноат, Андижон ва Олтинкўл туманларидаги кичик саноат зоналарида электр энергияси тармоғини қуриш ва трансформатор ўрнатиш, Пахтаобод туманида ташкил этиладиган тўқимачилик индустриал зонасига электр тармоғи ва кичик станция қуриш ишлари кечикмоқда.

Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳар ойда, дастурлар доирасида белгиланган вазифалар ижросига масъул ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботларни эшитиб бориши, дастурлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш масаласини кўриб чиқиши зарур экани таъкидланди.

Муҳокама якуни бўйича ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан Сенат Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер