Сенат Кенгашида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти таҳлил қилинди

18:30 05 Октябр 2023 Сиёсат
563 0

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 5 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида, шунингдек, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ) фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан Андижон, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизда 210 та ЁСТЗ ташкил этилди. Ушбу ЁСТЗнинг 299,9 га ер майдонида ҳамда 5 800  квадрат метр бино ва иншоотларда 2 272 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, қиймати 2,1 трлн сўмлик  911 та лойиҳа доирасида
21589 та янги иш ўрни яратилди.

Муҳокама жараёнида сенаторлар ЁСТЗ фаолиятини ташкил этиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ечимини кутаётган масалаларга атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунда Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳамда ЁСТЗ мақоми аниқ белгиланмагани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги номувофиқликлар амалиётда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ўрганишлар натижасида бугунги кунга қадар фаолияти йўлга қўйилмаган ЁСТЗ ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Пахтаобод туманларида ЁСТЗ фаолияти йўлга қўйилмаган бўлса, Тошкент вилоятининг Бекобод, Паркент, Тошкент, Ўртачирчиқ туманларида ЁСТЗни ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратилмаган. 2021-2023 йиллар мобайнида Тошкент вилояти ЁСТЗда  атиги 2 та лойиҳа ишга тушган бўлса, Тошкент шаҳри ЁСТЗда бирорта ҳам лойиҳа амалга оширилмаган.

Аксарият ЁСТЗ бош режалари тасдиқланмагани  ҳамда кадастр ҳужжатлари тайёрланмаган.

ЁСТЗнинг аукцион савдоларига жойлаштирилган лотларни сотиш ишлари ҳам талаб даражасида ташкил қилинмаган. Жумладан, Сергели туманидаги ЁСТЗ ҳудудида аукцион савдоларига чиқарилган лотлар савдодан олиб қўйилган ва бугунги кунга қадар савдога қайта чиқарилмаган.

ЁСТЗда  лойиҳани амалга ошириш чораларини кўрмаган тадбиркорлик субъектидан ер майдони ёки ишлаб чиқариш майдонларини қайтариб олиш тартиби мавжуд эмаслиги ҳам бошқарув самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, турли чалкашликлар ва қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

ЁСТЗ жозибадорлиги ва фаолият самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган сабаблардан бири зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг белгиланган муддатларда қабул қилинмаганлиги билан боғлиқ. Хусусан, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ер ва бино-иншоот муносабатларини тартибга солиш, шу жумладан, уларни хусусийлаштириш масалалари бўйича ҳукумат қарори ҳамон қабул қилинмаган.

Мажлисда сенаторлар ЁСТЗ фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклифларни билдирдилар. Жумладан, ташкил этилиши белгиланган 210 та ЁСТЗ рўйхатини қайта кўриб чиқиб, инфратузилма объектлари ишга туширилиши ноқулай ва аҳолига узоқ бўлган ҳудудларда жойлашган ЁСТЗларни мақбуллаштириш, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таркибида алоҳида ягона тузилма – вертикал бошқарув тизимини ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиш лозим.  

Шу билан бирга ЁСТЗдаги давлат мулки бўлган бино ва иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш, шунингдек, белгиланган муддатларда лойиҳани амалга ошириш чораларини кўрмаган тадбиркорлик субъектидан ер майдони ёки ишлаб чиқариш майдонларини қайтариб олиш тартибини белгилаш зарурати мавжуд.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ЁСТЗни инфратузилма билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан ҳамда маҳаллий бюджетдан йўналтирилиши белгиланган маблағлар ўз вақтида ажратилиши, шунингдек, мақсадли сарфланишини қатъий назоратга олиш тавсия этилди.

Муҳокама якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер