Сенат Кенгаши мажлисида махсус иқтисодий зоналар фаолияти таҳлил қилинди
Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) фаолияти самарадорлиги ва уларга хорижий инвестициялар жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда МИЗ фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этишда солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2020 йилда қабул қилинган “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонун билан МИЗ ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилди, маъмурий функцияларни номарказлаштириш, махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизми соддалаштирилди.
МИЗ иштирокчиларига қатор имтиёз ва преференциялар берилган бўлиб, киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари давлат томонидан кафолатланган.
Жорий йил 1 сентябрига қадар МИЗда 39,1 трлн сўмлик 620 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 56 мингдан зиёд иш ўринлари яратилган. Хорижий инвестициялар ҳажми 11 трлн сўмни (1,0 млрд АҚШ долларини) ташкил қилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар МИЗда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда мазкур йўналишда учраётган камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар.
Жумладан, қонунчилик ҳужжатларида божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда импорт қилинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлардан тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилиш муддатлари белгиланмаган. Натижада айрим корхоналар божхона имтиёзларидан фойдаланса ҳам, импорт хомашёсидан ишлаб чиқарган маҳсулотларини экспорт қилмаган.
МИЗ ер майдонларига инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, шу жумладан ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдога чиқариш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан шартлашилган инвестиция мажбуриятлари ўз муддатида бажарилмаслиги натижасида МИЗ ҳудудида ажратилган ер майдонларидан фойдаланилмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.
МИЗ иштирокчиларининг рақобатдош, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми, шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг республикада экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва валюта тушумлари миқдорини кўпайтириш борасидаги улуши пастлигича қолмоқда.
МИЗ инфратузилма билан таъминланганлик даражасини яхшилаш бўйича белгиланган тадбирларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаган.
Мажлисда сенаторлар МИЗ фаолиятини янада такомиллаштириш ва уларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қатор таклифларни билдирдилар. Жумладан, МИЗ иштирокчиларига минтақанинг иқтисодий ривожланиши ва унинг ҳудудий жойлашувидан келиб чиқиб, табақалаштирилган имтиёз ва преференцияларни қўллаш, божхона тўловлари бўйича имтиёздан фойдаланган ҳолда импорт қилинган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлардан тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилиш муддатини белгилаш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, “ягона дарча” тамойили асосида барча турдаги давлат хизматларини кўрсатиш, инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, олий таълим муассасалари талабаларининг ишлаб чиқариш амалиётини МИЗ корхоналарида ўташи юзасидан алоҳида қўшма дастурлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ экани айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига МИЗнинг ривожланиши, шу жумладан улардаги саноат корхоналари ва инфратузилма объектларида иш ўринларининг ташкил этилиши юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш бўйича тавсиялар берилди.
Муҳокама якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг