Секторлар ишини янада фаоллаштириш лозим
Аниқланган муаммолар “Йўл харитаси”га киритилди. Уларнинг ижросини ким назорат қилади?
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларидан таркиб топган гуруҳ пойтахт вилоятининг Тошкент туманида бўлди. Халқ вакиллари секторлар ҳудудларига бўлиниб, хонадонма-хонадон юриш орқали жойлардаги муаммоларни аниқладилар. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгаши сессиясида танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Йиғилишда тумандаги ижобий ишлар эътироф этилди. Жумладан, туман прокурори раҳбарлик қилаётган 2-сектор фаолиятига ижобий баҳо берилди. Секторнинг ҳар бир аъзоси йўналишлар бўйича маҳаллаларга бириктирилган, улар билан ўзаро узвий ҳамкорлик ўрнатилган. Аниқланган муаммолар ҳар ҳафта сектор йиғилишида таҳлил қилинмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларидан иборат жамоатчилик гуруҳлари ҳудуддаги 2598 та муаммони аниқлади. Шундан 117 таси жойида бартараф этилди, 2481 таси эса “Йўл харитаси”га киритилди. Чорак якуни бўйича сектор раҳбарининг аҳоли ўртасида ҳисоботи ташкил қилинди.
Афсуски, бу каби илиқ фикрлар бошқа секторлар фаолияти ҳақида айтилмади. Аксинча, улар йўл қўйган хатолар очиб ташланди. Жумладан, бажарилган ишларни расмийлаштириш, муаммоларни назоратга олишда қатор камчиликлар мавжуд. Улар тизимли назорат этилмаган. 2018 йил учун мўлжалланган “Йўл харитаси”га манзилли дастур ишлаб чиқилган, лекин секторларда аниқланган муаммоларни бартараф қилиш бўйича мониторинг тўғри йўлга қўйилмаган. Масалан, 4-секторда 2018 йилнинг 1-чораги учун тасдиқланган “Йўл харитаси”да кўрсатилган йўл таъмирлаш ишлари бажарилмасдан қолган. Бу каби ижро этилмай қолган тадбирлар бошқа секторларда ҳам аниқланди.
Сессияда қайд этилганидек, парламент аъзолари 10 кун давомида 1154 та хонадон вакиллари билан мулоқот ўтказди. Суҳбатларга 3378 нафар фуқаро қамраб олинди. 35 та маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди. Фуқаролар билан бўлган мулоқотда 14 та йўналиш бўйича 400 дан ортиқ масалалар кўтарилди. Уларнинг 80 дан зиёди жойида ҳал қилинди. Уй-жой, коммунал, транспорт, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар, айниқса, аҳолини кўпроқ ташвишлантираётгани аён бўлди.
Депутатлар 53 та ижтимоий соҳа объекти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Туман халқ таълими тизимидаги камчиликлар атрофлича кўриб чиқилди.
Тумандаги 31 умумий ўрта таълим муассасасида 1301 нафар педагог меҳнат қилмоқда. Уларнинг 13,4 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Мактабларда жами 44 нафар фан ўқитувчиси етишмайди. Вакант ўринларни тўлдириш масаласига жиддий эътибор қаратилмаяпти. Ўқувчиларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида ўқитиш давр талабларига умуман мос келмайди. Мактаб биноларининг ҳолати ҳам мақтанарли эмас.
Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Келес” маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносининг иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Гарчи у 2013 йилда қайта капитал таъмирланган бўлса-да, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Марказнинг томошалар залидаги ўриндиқлар эскирган, саҳнани ёритиш ускуналари йўқ. Тўгарак жиҳозлари эскирган, чолғу асбоблари етишмайди. Шу сабабли тўгарак машғулотларига келаётган ўқувчилар сони кескин камайиб кетган. Маданий мерос объектларини муҳофаза этиш, аҳолида китобхонликни кучайтириш билан боғлиқ бирорта ҳам тадбир амалга оширилмаган.
— Секторлар фаолияти билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ички ишлар идораларининг ўзаро ҳамкорликда тизимли фаолиятини йўлга қўйиш яхши натижа беради, деган хулосага келдик, — дейди “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Саидкаримов. — Бу бир қатор масалаларни ижобий ечим топиш билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Сессияда аниқланган камчиликларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. “Йўл харитаси”га киритилган муаммолар ечими учун сектор раҳбарлари масъул этиб белгиланди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг