Сектор раҳбарингизни танийсизми?

10:18 01 Февраль 2019 Жамият
4349 0

Иллюстратив фото

Халқ қабулхоналарига фуқаролардан тушаётган арзномаларнинг охири кўринмаётгани, муаммоларнинг камайиш ўрнига кўпайиб бораётганига нима сабаб бўлмоқда? Деҳқонобод туманида беш кун давомида 40 та маҳаллада уйма-уй юриб, халқнинг дардини ўрганиш давомида жами 137 та муаммо аниқланди. Саволга жавоб топилди. Энг ачинарлиси, кўпчилик хонадон эгалари ўзи яшаётган ҳудуд қайси секторга қарашлилиги, сектор раҳбари кимлиги, штаби қаерда жойлашганини ҳам билмайди. Шу сабаб, аҳоли арзини кўтариб вилоятга, ҳукумат идораларига бормоқда. Бунинг сабаби эса битта, сектор раҳбарлари уйма-уй юрмаган, одамлар уларни танимайди, ҳатто.

Энди ишлар бошқача бўлади. Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, энди секторлар раҳбарларининг фаолиятига ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлар ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, холисона баҳо берилади. Бунга албатта, хонадонларнинг сектор раҳбари ҳақидаги сўров натижалари ҳам киради.

Республика ишчи гуруҳининг Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида парламент аъзолари иштирокида ўтказган халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида мавзуга батафсил тўхталиб ўтилди.

140 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган туманда муаммоларнинг аксарияти соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик, мактабгача таълим, моддий ёрдам, электр энергия таъминоти, паспорт олиш, йўлларни таъмирлаш, кадастр, газ, ичимлик суви таъминоти ва бошқа коммунал соҳалар билан боғлиқ.

“Ойбек” маҳалласида аҳолининг йиллар давомида ҳал этилмай келаётган муаммолари ҳанузгача ўз ечимини топмаган. Туман марказидан 180 км. узоқдаги чекка ҳудудда жойлашганлиги сабаб мазкур маҳаллани туман маркази билан боғловчи йўлларда йилнинг қиш ва баҳор ойларида транспорт қатновининг чекланиши маҳаллага тез тиббий ёрдам машинасининг кела олмаслиги, малакали шифокорларнинг йўқлиги сабабли туғруқ жараёнида ўлим ҳолатлари ва аҳоли ўртасида турли хил касалликларнинг сони ортиб бормоқда.

Туманнинг “Ойбек”, “Оққишлоқ”, “Теракли” ва “Дуоб” МФЙ ҳудудига бориш учун аҳоли Деҳқонобод, Қамаши туманлари орқали айланишга мажбур бўлаяпти. Сабаби, туман марказидан ушбу маҳаллаларга бориш учун тўғридан тўғри ички йўллар мавжуд эмас. Шу боис маҳалла фуқаролари туман марказига келиш учун 150 км. масофани босиб ўтишга мажбур. Энг ачинарлиси, ушбу маҳаллалар идоралари 1970-1975 йиллар атрофида қурилган яроқсиз иморатларда жойлашган.

Хуллас, айтаверсак муаммо шунчалик кўпки, қўлимиздаги қоғоз ҳам, қалам ҳам етмайди. Хўш нега? Халқ депутатлари туман Кенгашида қарорни тасдиқлаш учун ўтирган халқ вакиллари буларни билмасмиди? Президентимизнинг депутатлар олдига қўяётган бирдан бир талаби халқ дардини эшитиш, ушбу масалаларни тегишлилигича туман, вилоят ёки республика даражасида кўтариб чиқиш ва ҳал этишга кўмаклашиш эмасмиди? Ҳолбуки, бу муаммоларнинг аксариятини жойида ҳал қилиш учун туманда 4 та сектор ишлаб турган бўлса!?

Талаблар халқ депутатлари Деҳқонобод ва Ғузор туманлари Кенгашлари сессияларидаги чуқур муҳокамалар жараёнида барча мутасаддилар олдига қўйилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер