Саргузаштлар оламига марҳамат!

Китоб жавонингизга
Ҳурматли ўқувчи! Мазкур рукн орқали сизни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида нашр этилаётган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништириб боришни мақсад қилдик. Бугун эътиборингизга “O‘qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан китобхонларга туҳфа қилинган асарларнинг қисқача тавсифларини ҳавола этамиз.
Абадият қиссалари
Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”, “Биринчи муаллим” қиссалари кўплаб тилларга таржима қилинган ва юксак мукофотларга сазовор бўлган. Мамлакатимизда ҳам ушбу асарларни севиб ўқишади. Шу боис ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда. Мазкур китоблар ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Болаларга аталган совға
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаким Назирнинг “Кенжатой” қиссаси, Эркин Маликнинг “Болалик ва ўсмирлик кўчалари” хотира китоби, Абдусаид Кўчимовнинг “Қайта туғилган бола” номли қисса ҳамда ҳикоялар тўплами нашриётнинг болалар ва ўсмирлар учун муносиб совғаси бўлди.
Жумладан, “Кенжатой”да беғубор қалб эгаларининг ҳаёти тасвирланади. Асардаги воқеликлар китобхонни меҳнатсеварлик, ҳалоллик, эл-юртга муносиб фарзанд бўлишга ундайди. “Болалик ва ўсмирлик кўчалари”да эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир ҳамда машаққатли йиллар, бу даврда яшаган ўғил-қизларнинг ўзига хос олами, орзу-интилишлари моҳирона қаламга олинган. “Қайта туғилган бола”да ўсмирнинг ғайрат-шижоати, кучли ҳис-туйғулари очиб берилади.
Саргузаштлар оламига марҳамат!
Жонатан Свифт қаламига мансуб “Гулливернинг саёҳатлари”ни ўқиб, саргузаштлар оламига саёҳат қиласиз. Унда асар қаҳрамони ғайриоддий мамлакатларга бориб қолади, у ердаги одамлар билан мулоқотда бўлади. Ҳаёт тарзи, маданияти, урф-одатларини ўрганади. Шу аснода ўз юрти — Англия ҳақида уларга сўзлаб беради.
Машҳур инглиз ёзувчиси Даниель Дефонинг “Робинзон Крузо” романи ҳам жаҳон адабиётининг ноёб дурдонасидир. Ўзбек китобхонлари мазкур асарни алоҳида қадрлашади. Чунончи, Робинзоннинг сабр-матонати, эртанги кунга қатъий ишончи, ҳаёт учун курашиши ўқувчида меҳр, муҳаббат ва ёқимли таассуротлар уйғотади.
Дилмурод СОДИҚОВ
тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг