Сардобанинг шўрхок ерларида малина етиштирилади
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сардоба туманидаги «Файзлиобод» МФЙ еттилиги ҳамда шу маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фуқаролар Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги малина етиштирувчи хонадонларда бўлиб, томорқа эгаларининг ушбу зироат турини ўстириш бўйича тўплаган тажрибалари билан танишди. Маълум бўлишича, мазкур бутани шўрхок ерда ҳам ўстириш мумкин. Бунга Жомбой туманининг ана шундай тупроқ шароитли ҳудудида малиназорлар ташкил қилингани далолат. Қолаверса, малинанинг шўрхок майдонларга мўлжалланган навлари ҳам мавжуд.
— Вилоятимиз ҳокимининг тавсияси билан Жомбой тумани миришкорларидан малина етиштириш тажрибасини ўрганиш бўйича қилган сафаримиз ўзининг катта самарасини беради, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сардоба тумани бўлими раҳбари Эсонбой Хусанбоев. — Яъни тез орада Файзлиободдаги аҳоли томорқаларида малиназорлар пайдо бўлади. Негаки, ушбу резавор мева берадиган ўсимликни бизнинг тупроқ шароитимизда ҳам ўстириб, ундан яхшигина маблағ топса бўлар экан. Бунга Жомбойда 8 сотихли малиназордан 75 миллион сўмгача даромад олинаётгани мисол.

Маълумот учун: тумандаги кўплаб маҳаллалар ўзининг драйвер фаолият турларига эга. Хусусан, Зомин, Бўстон, Ровот маҳаллаларида супурги, Бирлик, Отаюрт, Қўйитошда ошқовоқ, Пахтакор, Бирлашган маҳаллаларида эса машҳур Мирзачўл қовунларини етиштириш устувор ҳисобланади. Шу маънода яқин йилларда малина етиштириш Файзлиобод маҳалласи аҳлининг драйвер фаолиятига айланади дейиш мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг