Санъат дунё аҳлини бирлаштирди
Якунланаётган йил барча соҳалар каби маданиятимиз ва санъатимиз учун ҳам ютуқларга бой бўлди. Айниқса, қишлоқ жойларида янги маданият масканларини барпо этиш, соҳа ходимларининг иш ҳақларини ошириш орқали моддий рағбатлантириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ижод аҳлига жўшқинлик берди. Азалдан маърифат, маданият ва санъат ривож топган Хоразмда бу борада рўёбга чиқарилган эзгу ишлар дилимизни хушнуд этди. Жорий йилда воҳада анъанавий “Лазги” халқаро фестивали юқори даражада ўтказилиб, кўплаб янги истеъдодлар кашф этилди. Янги йил арафасида Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилгани санъат аҳли учун кутилмаган туҳфа бўлди. Шаҳримиз кўркига кўрк бўлиб қўшилган ушбу янги санъат кошонасида машғулот заллари, репетиция хоналари, умуман, санъаткорларнинг эркин ижод қилиши учун барча шароитлар яратилган.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази Хоразм вилояти бўлимининг ижодий жамоаси халқимизнинг дахлсиз номоддий мероси, маънавий мулки бўлган Хоразм мақомларини ўрганиш, ёзиб олиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. 2024 йил оиламиз учун ҳам омадли келди. Мен ва укам “Қорақалпоғистон халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирландик. Бундай юксак эътибор кўнглимизни тоғдек кўтарилиб, Янги Ўзбекистонни авж пардаларда баралла куйлашга, юрт равнақи йўлида янги ташаббуслар билан фидокорона меҳнат қилишга ундамоқда.
Халқимиз Янги йилни катта мақсадлар билан кутиб олмоқда. Барча эзгу ниятларимиз ижобат бўлиб, соғлик, бахт ва омад юртдошларимизнинг доимий ҳамроҳига айлансин!
Ғафуржон Эшчанов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг