Самимий ва табиий ифода

12:40 20 Апрель 2018 Маданият
1171 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Бугунги ўзбек насрида ўз ўрни, қаламига эга Исажон Султоннинг навбатдаги китоби — “Боғи Эрам”ни ўқиш асносида миллатимиз одамлари характерини яратиш йўлида яна бир изланиш рўй берганига ишонч ҳосил қилдик.
Китоб битта қисса ва бир неча ҳикоялардан иборат. “Онаизорим” қиссаси ўзбек оналари умргузаронлик қилган оила ҳақида ҳикоя қилади. Шуниси диққатга сазоворки, ёзувчи бизга таништирган қаҳрамонлар ҳеч қандай ғайри табиий ҳодисаларни бошдан кечиришмайди, ҳар куни сиз ва биз кўриб юрган, мулоқот қилган оддий одамлар. Уларнинг ҳаёти ўзлари яшаётган хонадондан ташқари ҳам чиқмайди. Ҳатто бир кун фарзанди “Онажон, мен сизни саёҳатларга олиб борай” деса, “Йўқ, менга ҳеч нарсанг керак эмас, ортиқча пулинг бўлса, ана, синглингга қараш” деб яна боласига меҳрибонлик қилади.

Қизиқ, нега бу инсонлар шу қадар қаноатли экан? Ахир бу дунёда кишилар етти ухлаб тушга кирмайдиган роҳату ҳузурлар ичида яшаб юришибди-ку? Бу саволга муаллиф ўша онаизорни ёш қизалоқлик даврида қандай муҳитда ўсганлигини, ўз онасидан яшаш ҳақида, одамийлик борасида қандай тарбия кўрганлигини тасвирлаш орқали изоҳ беради. Ҳовли-жойни қандай тутиш керак, ошхонада идиш-товоқлар ҳамиша чиннидай озода бўлиши учун нималар талаб қилинади? Қозонда пишаётган овқат мазали бўлиши учун нималарга эътибор қилиш керак? Буларни она хонадонда ўсаётган қизгинага эринмасдан,меҳр билан ўргатади. Ҳатто шу қиссани ўқиётган муштарий ҳам ўша тарбиядан баҳраманд бўлиши мумкин. Ёзувчи ўзбек менталитетининг ўзига хос жиҳатларини ҳам назокат билан ифодалаб берган.

Қисса қаҳрамонлари бахтли ҳаёт деганда тинч-осойишта турмуш кечириш, ҳалол меҳнат мевасини кўриш, соғ-саломат юришни тушунишади. Шундай муҳитда ўсган Раъно учун ота энг эъзозли инсон, она — меҳр-муҳаббатининг чеки йўқ, фарзанд эса илк пайдо бўлган лаҳзадан бошлаб онанинг тақдири, ҳаёт мазмуни. Қишлоқнинг сертупроқ йўлларида умр кечирган онаизор учун оиласининг тинч яшашидан аъло саодат йўқ. Туну кун фидойи меҳнат қилиш, бола-чақа ташвиши учун елиб-югуриш эвазига жамиятдан бирор нарса талаб қилмайди.

Ҳатто Раъно кампир умрининг ниҳоясида тинч, шовқинсиз оламга кетаётган пайтда ҳам норози бўлмай, “Борақолай, ҳали-замон отаси ҳам ортимдан келиб қолади, уни ўша ерда кутиб олақолай” дея тақдирга тан беради. Агар инсон ҳаётининг сўнгги лаҳзасида босиб ўтган йўлига назар ташлаш имкони бўлса, Раъно шундай ўйга боради: “Умр бўйи эримни, болаларимни келишига овқат пишириб, чойларини дамлаб кутиб ўтирдим. Уйимни саришта қилдим, ҳарому зиён-заҳмат оралатмадим, томорқаларда тер тўкиб уриниб-тиришдим. Умрим бўйи бировга ёмонлик қилмадим, қўпол гапирмадим, билганим меҳнату ризолик бўлди. Аслида, у жой ҳамманинг борар жойи эканини билиб турибман”.
Бу сатрларни таъсирланмасдан, қисса қаҳрамонига меҳр қўймасдан ўқиб бўлмайди. Фидойилик, ўзгаларга ғамхўрлик, меҳрибонлик муштипар онаизорга хос. Ҳатто умри тугаб бораётган дамларда ҳам “Қўшнининг боласи бетоб эди, шуни бориб кўрмадим-да”, дея армон қилади. Орқасида қолаётган эрига “Ҳамма ишни битириб ортимдан борарсиз” дейди. Энг муҳими, қадди-басти, юзи-кўзини тўйдан кейин кўрган ёстиқдоши розилигини олади. 

Умуман, Исажон Султон ижодида ўзбекнинг содда, меҳнаткаш инсонлари, айниқса, оналар сиймоси самимий ва ҳаётий ифодасини топиб келмоқда. Бу оналар, энг аввало, ҳаё  пардасига ўралган. Ўз халқининг болажонлик, бағри кенглик, раҳмдиллик фазилатлари билан ғурурланади, Ватани номини эшитганда худди ўз номи тилга олингандай дил-дилдан қувонади. Онага меҳр — шу заминга, эзгуликка меҳрини ифода этади. Оналар сиймоси яратилган қисса ва ҳикояларни ўқир эканмиз, Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдимизга тушади: “Аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ва бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.
Қиссанинг охирроғида волида кўзининг оқу қораси Давлатнинг онасига мурожаати берилган. У ўз ҳаётини азоб-уқубатлар билан ўтказаётган онасига “Бу дунёга келиб нима кўрдинг, қадрингни билсангчи” дея нидо қилади. Зоҳиран, ёш болани ҳам сизлаб гапирадиган халқ вакили нега дафъатан онасига сансираётгани китобхонни ажаблантириши мумкин. Бу ҳурматсизлик эмасми? Йўқ, бунинг туб сабаблари бор экан. Агар фарзанд сўзларини “сизлаш”га айлантирсак, монолог жудаям мулойимлашиб қолади, кескинлик йўқолади. Ботинан, Давлат бу ўтли сўзларни нафақат онасига, балки ўзига, ўзлигига ҳам қаратгандай. Чунки она билан бола — бир қалб соҳиблари. Онажон — Каъбам ўзинг дейишади-ку. Ахир Яратганга ҳам сизлаб мурожаат қилмаймиз-да. Қолаверса, Давлатнинг сўзлари асар муаллифининг бизга, китобхонларга қарата айтган ҳайқириғидир.

Янги йил кириб келиши ҳақида жуда кўп ҳикоялар ёзилган. Негаки, йил алмашиши инсон умрининг мезонларидан бири. Китобдаги “Янги йил кечасида” сарлавҳали ҳикоя ҳам одамлар тақдири билан боғлиқ ажойиб-ғаройиб ҳангомалар ҳақида. Янги йил оқшомида ёлғиз қолган одам ўзига шерик излайди. Уни бошқа давралар қабул қилишмайди. Ҳолбуки, бу одам ўзгалар тақдирини ҳам олдиндан айтиб бера олади. Ким билсин, бу зот Хизр бўлиши ҳам мумкин. Муҳими, ён-атрофимиздаги одамларга лоқайд бўлмайлик, деган даъват бор бу ўринда.
“Ота қасидаси” ҳам ёлғиз инсон ҳақида. У бу дунёда борлиги учун ўзини онаси олдида қарздор деб билади. Ҳаётда умр йўлдоши бўлган зотни онаси ёнига қўяди. Қизининг отага меҳрини, ўзининг фарзандига оқибатини умр мазмуни деб билади. Бундай одамлар ҳамиша сиз ва бизнинг эҳтиромимизга муносиб эканлигини муаллиф англатгиси келади.

Ташқи кўриниш алдамчи бўлади, деган гап бор. “Гўзал” ҳикоясини ўқисангиз, шу нақл ёдингизга тушади. Кўча бўйидаги ажриқзорда уч-тўртта бекорчи гап сотиб ўтирибди. Улар кўзига ким ёки нима тушса, ўшани гап қилишади. Бу валақлашда маълумотлар тахминга асосланади. Ҳаётнинг икир-чикирлари ҳақида ҳар хил гап авжига чиққанда бекорчилардан бири йўл четидан келаётган ажойиб бир гўзалга эътибор қилади. Юзи сутдай оқ, қоши қалдирғоч қанотидай, кўзи юлдуздай, қомати тикка сулув суҳбат мавзуига айланди. Албатта, гўзаллик ижобий таассурот қолдиргани каби, у ҳақда яхши нарсалар тахмин қилинади. Ҳойнаҳой, унинг умр йўлдоши бой-бадавлат одам бўлса керак. Лекин бекорчилардан бири ана шу хушрўй аёл ҳаёти ҳақида бор ҳақиқатни билар экан. Унинг айтишича, гўзал хонимнинг турмуш ўртоғи узоқ вақтдан буён тўшакка михланиб ётибди. Аёл эса бор имкониятини ишга солиб, эрини оёққа турғазиш учун ҳаракат қиляпти. “Пойига таъзим қилса бўлар экан-ку, бу қизни. Худо бахтини берсин, илойим”, деган ниятдан кейин “Ишқилиб, қадрига етармикан у йигит?” деган фикр янграйди. Ҳа, ҳаёт биз ўйлагандан кўра мураккаб бўлади. Ҳикояда шу ҳақиқатни ифодалаш мақсад қилинган.

Тўпламдаги бир ҳикоя қадимги Хитой афсоналари (“Ёғоч кавуш”)дан озиқ олган бўлса, яна бири (“Тошкелинчак”) ўз юртимизда қачонлардир бўлиб ўтган муҳаббат ривояти ҳақидадир. Қолган ҳикоялар ҳам инсон руҳий оламининг бетакрор кечмишлари ҳақида ифода топган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Исажон Султон насрий асарлари орқали ориятли, танти, дангал замондошларимиз образлари галереясини яратишда намуна бўлмоқда. Адибнинг бадиий публицистика соҳасидаги ижоди алоҳида суҳбатга мавзу бўлади.
Шуҳрат ЖАББОРОВ.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер