СамДУ дунёнинг энг нуфузли QS рейтингида замонавий тиллар йўналиши бўйича Топ-300ликка кирди

13:53 09 Апрель 2026 Илм-фан
320 0

Самарқанд давлат университетида университетининг “QS World University Rankings by Subject” рейтинг агентлигининг 2026 йилги натижаларига кўра, замонавий тиллар йўналиши бўйича 251–300-ўринни эгаллагани муносабати билан “Лингво-ғалаба: халқаро рейтингдаги тарихий қадам” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев очиб берди. Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг йиғилиш қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ушбу табрикда Самарқанд давлат университети жамоасининг кейинги йилларда таълим ислоҳотлари, халқаро ҳамкорлик, илмий тадқиқотлар соҳаси ҳамда халқаро рейтингларда эришган юксак натижалари алоҳида таъкидланди.

Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаровга рейтингдаги ўринни тасдиқловчи махсус гувоҳнома топширилди. Ўз навбатида, Жўлибой Элтазаров институт олимлари, ўқитувчилари, тадқиқотчилари ҳамда бутун жамоанинг илмий фаолияти ва эришилаётган муваффақиятлари ҳақида батафсил тўҳталиб ўтди.

Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директорининг ўринбосари Нурали Ҳамидов “Топ-300: Академик маҳорат ва халқаро нуфуз” мавзусидаги маърузасида “Лингвистика” фан рейтингида рақамли технологиялар воситасида муваффақиятли иштирок этиш йўл-йўриқларини изоҳлаб берди. Институтнинг Амалий тилшунослик, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси мудири, профессор Ибодулла Мирзаев табрик сўзи билан чиқиш қилди.

Тадбирда рейтингда ўрин олишда алоҳида хизмат кўрсатган профессор-ўқитувчиларга ректор ташаккурномалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер