Самарқанднинг замонавий «ҳаво дарвозаси»

21:52 19 Март 2022 Жамият
1043 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланаётган шу кунларда тўйга тўёна сифатида Самарқанд халқаро аэропортини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

«Шарқона янги йил» дея таъриф этиладиган Наврўз бу йил самарқандликлар ҳаётида ҳам муҳим ўзгаришлар, унутилмас воқеликлар билан ташриф буюрмоқда. Хусусан, 1967 йилдан буён хизмат кўрсатиб келаётган Самарқанд халқаро аэропорти бугунги замон талабларига жавоб бермай қолган эди. Президентимиз ташаббуси ила 2019 йилда дунёнинг йирик туристик марказларидан бири ҳисобланган Самарқандда янги лойиҳадаги аэропорт қурилишига киришилди.

Ривожланган давлатларда аэропортлар шаҳар марказига қулай жойда барпо этилиши тажрибасидан келиб чиқиб Самарқанд халқаро аэропортидан кўҳна кентга кириб бориш йўли бутунлай янгиланди. Йўловчи-сайёҳлар аэропортнинг эшигигача шахсий ва жамоат транспортида келиш имконияти яратилди.

Йўловчилар томонидан энг кўп эътирозларга сабаб бўлган ҳолат - ҳужжатларни расмийлаштиришда узундан-узун навбатларга, юкларни назоратдан ўтказишда соатлаб кутишларга барҳам бериладиган бўлди. Бу ишлар эндиликда сўнгги русумдаги рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширилади.

Дунё аҳли азалдан Самарқандни илм-фан, маърифат ва маданият маркази сифатида билади ва уни бир бор кўриш учун ошиқади. Шу нуқтаи назардан Самарқанддаги аэропорт улуғ мутафаккир Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби саҳифаларининг очилган ҳолатдаги кўринишида экани ҳам чуқур рамзий маънога эга.

Бу аэропорт, шубҳасиз, шаҳарнинг «ҳаво дарвозаси» ҳисобланади. Қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарга ташриф буюраётган меҳмонларнинг илк таассуротлари айнан мана шу ердан бошланади. Шу боис ушбу мажмуадаги бино ва иншоотларнинг архитектураси, дизайни, хизмат кўрсатиш маданияти, бундаги муҳит Самарқандга хос ва мос бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Нафақат аэропорт, балки унга туташ жойлашган маҳалла ва гузарларда, кўча ва хиёбонларда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Маълумотларга кўра, ушбу объект Ўзбекистондаги энг йирик аэропортларидан бирига айланади ҳамда мазкур «ҳаво дарвозаси»да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади. Иккинчидан, Буюк Ипак йўлида жойлашган аэропорт қуввати жиҳатидан Марказий Осиёда иккинчи рақамда қайд этилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тага оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади. «Очиқ осмон» режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйиш назарда тутилган.

Бундан ташқари янги аэропортда учиш-қўниш йўлаги барпо этилди, замонавий радиоалоқа ва ёритиш тизими қурилди, 4 та янги трап тайёрланди. Ҳудудда 70 та самолёт, 700 та енгил автомобиллар учун махсус бекатлар барпо этилди.

Очилиш маросимида сўз олганлар Шарқий Осиё билан Европани ҳаво йўллари орқали боғлашда географик жиҳатдан ниҳоятда қулай ҳудудда жойлашган мазкур аэропорт келажакда энг гавжум «ҳаво дарвозаси» бўлиб қолишига умид билдирди.

Тадбирда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер