Самарқандга йил якунигача 80 та электробус келтирилади

15:38 30 Май 2022 Жамият
1320 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилоятида жамоат транспортининг хизмат сифатини ошириш, маънан эскирган автобусларни янгиларига алмаштириш ва ишлаш механизмини тартибга солиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи навбатда автобус паркини янгилаш, «Яшил шаҳар» лойиҳаси доирасида электробуслар ва замонавий автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш каби ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.

Жумладан, йил якунига қадар вилоятда 20 та янги автобус йўналиши ташкил этилиб, 64 та ҳудудда автобус бекатлари қурилади. Ҳудуд бўйлаб 238 та янги автобус ва микроавтобуслар харид қилинади. Пахтачи, Каттақўрғон, Нарпай, Нуробод, Паяриқ, Оқдарё, Иштихон ва Қўшработ туманларида 18 та янги йўналишга элликка яқин автобус қатнови ташкил этилади.

— Шунингдек, йил охиригача 100 дона 8,5 метрлик автобус ва 80 дона электробуслар келтирилади, — дейди Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И. Ҳамроев. — Келгуси йилда ҳам қўшимча яна 100 дона электробуслар харид қилиниши кўзда тутилган. Янгидан ташкил қилинган «Самарқандйўловчитранс» давлат корхонасига янги замонавий автобуслар олиб келиниши билан ҳайдовчи ва техник ходимларни ишга қабул қилиш орқали 800 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Самарқандда қулай транспорт тизимини яратиш лойиҳасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, олиб келиниши режалаштирилган автобуслар замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, нақд пульсиз тўлов турига мўлжалланган, иситиш-совитиш тизими мавжуд ҳамда жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун зарур қулайликларга эга.

Умуман, келгуси беш йилда вилоят аҳолисига жамоат транспорти хизмат кўрсатиш соҳасини яхшилаш, қишлоқларни туман марказлари билан боғлаш мақсадида 47 та янги жамоат транспорти йўналишлари ташкил этилиб, маҳалла ва қишлоқларда 89 та бекат қурилади. Шунингдек, 478 та янги автобус ва микроавтобуслар келтирилади.

Бу билан ҳозирда мавжуд муаммоларга, яъни бекатларда ортиқча тўхташ, оралиқ вақтга амал қилмаслик, кимўзарга қувиб ўтишларга барҳам берилади. Шу билан бирга автобуслар қатнови кечки пайт белгиланган вақтгача давом этади. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча автобусларга кузатув камералари ўрнатилади ҳамда GPS тизими орқали назорат қилинади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер