Самарқандга электробуслар келтирилади

16:25 18 Апрель 2022 Жамият
1038 0

Фото: Иллюстратив фото

Самарқанд вилоятида жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, бунинг учун биринчи навбатда автобуслар паркини янгилаш, «Яшил шаҳар» лойиҳаси доирасида электробуслар ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

— Шу йил февраль ойида вилоят Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги вакили иштирокида қулай транспорт тизимини яратишда электробуслардан фойдаланиш лойиҳаси ишлаб чиқилди, — дейди Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Эргаш Муродов. — Ушбу лойиҳа доирасида европалик мутахассислар Самарқанд шаҳрида бўлди ва жараён билан танишди. Ҳозирда ЕТТБ мутахассислари томонидан электробуслар хариди борасида техник шарт ва тендер ҳужжатлари тайёрланяпти.

Янгидан ташкил қилинган «Самарқандйўловчитранс» давлат корхонасига янги замонавий автобуслар олиб келиниши билан ҳайдовчи ва техник ходимларни ишга қабул қилиш орқали 800 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

— Транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш учун лойиҳага асосан автобуслар 43 та йўналиш бўйича ҳаракатланади, — дейди вилоят транспорт бошқармаси лицензия сектори мутахассиси Анвар Ражабов. — Ушбу йўналишларнинг 10 таси асосий ташув йўналиши ҳисобланса, қолган 33 таси ёрдамчи йўналишлардир. Бу билан ҳозирда мавжуд муаммоларга, яъни бекатларда ортиқча тўхташ, оралиқ вақтга амал қилмаслик, кимўзарга қувиб ўтишларга барҳам берилади. Шу билан бирга автобуслар қатнови кечки пайт белгиланган вақтгача давом этади. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча автобусларга кузатув камералари ўрнатилади ҳамда GPS тизими орқали назорат қилинади.

Самарқандда қулай транспорт тизимини яратиш лойиҳасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, олиб келиниши режалаштирилган автобуслар замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, нақд пульсиз тўлов турига мўлжалланган, иситиш-совитиш тизими мавжуд ҳамда жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун бир қатор қулайликларга эга.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер