Самарқанддаги қўшма корхонада ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарилмоқда

15:16 07 Февраль 2024 Жамият
458 0

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг “Сазағон” массиви ҳудудида жойлашган Россия Федерацияси билан ҳамкорликда барпо қилинган “Щёлково Агрохим – Ўзбекистон” қўшма корхонаси дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқара бошлади.

Лойиҳа қиймати 31 миллион доллар бўлган мазкур қўшма корхонада янги компонентларга эга бўлган, ўзгача шакл ва кўринишдаги қишлоқ хўжалиги экинларига қўллаш учун рухсат этилган 50 га яқин замонавий турдаги ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда 100 та янги иш ўрни яратилган. Ҳозирги пайтда корхонада меҳнат қилаётган инженер-техник ходимлар ва ишчиларнинг 30 фоиздан ортиғи маҳаллий ёшлар, яъни Нуробод тумани фуқароларидир.

— Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун катта имконият ва имтиёзлар берилаётгани туфайли ўтган қисқа фурсатда мана шундай йирик лойиҳага асос солинди, — дейди қўшма корхона бош мутахассиси Ихтиёр Қўлдошев. — Бу ерда 5 та мустақил ишловчи линия иш бошлади. Цехларимизда Европа давлатларида ишлаб чиқарилган сўнгги авлод технологиялари ўрнатилган бўлиб, 11 та реактор ва 7 та ёмкостлар махсус ускуналар билан жиҳозланган.

Корхона ўз фаолиятининг дастлабки йилида 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаради ва унинг 20 фоизи экспорт қилинади. Маҳсулотлар Туркия, Миср, Эрон, Жазоир, Марокаш, Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб берилади.

Бугунга қадар бундай инновацион маҳсулотнинг муқобили Ўзбекистон ва яқин хорижий мамлакатларда мавжуд эмас эди. Келгусида ушбу корхона томонидан ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоялаш воситаларининг ишлаб чиқарилиши фермер ва деҳқонларимиз юмушларини енгиллаштиради.

Шунингдек, завод қошида энг замонавий нанотехнологиялар билан жиҳозланган лаборатория ҳам барпо этилиб, вилоятдаги олий ўқув юртларининг ўсимликлар ҳимояси, агротехнологиялари ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар, аспирантлар, тадқиқотчилар ва докторантларнинг турли хил тажриба-синовлар, илмий изланишлар олиб бориши учун керакли шарт-шароитлар яратилган. Онлайн тартибда Россия Федерациясининг ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи етакчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан амалий машғулотлар уюштирилади.

Келгусида заводда кимёвий воситаларини қадоқлаш идишлари ишлаб чиқариш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер