Самарқанддаги корхонанинг филиали Андижонда иш бошлади
Самарқанд шаҳрида 2012 йилда фаолият бошлаган “Afrosiyob parranda” масъулияти чекланган жамиятининг Андижон филиалида ҳам омихта ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Тухум етиштириш билан фаолият бошлаган корхонада 2018 йилдан бойитилган омихта ем ва премикслар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тез орада ички бозорда ўз харидорларни топди. Натижада маҳсулотларга бўлган талаб ортиб борди. Айни пайтда корхона маҳсулотлари хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.
- Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил апрель ойида вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан корхонамизга омихта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Андижон, Сурхондарё вилоятларида филиал ташкил этиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда Тошкент вилоятида премиксларни ишлаб чиқариш заводини қуриш вазифаси берилган эди, — дейди “Afrosiyob parranda” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акрам Фузайлов. — Шу асосда дастлаб 2018 йилда АТ “Асака банк”нинг кредит маблағлари ҳисобидан Голландиянинг Ottevanger компаниясининг замонавий технологияларини олиб келиб, юқори сифатли, тўлиқ рационли, таркиби мутаносиб тузилган ва хавфсиз омихта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бугунги кунда корхонанинг қуруқ, гранулаланган ёки сочилувчан омихта ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш йиллик қуввати 100 минг тоннани ташкил этади. Барча жараёнлар — хом ашёни қабул қилиб олишдан то тайёр маҳсулотни машиналарга юклашгача, қадоқлаш ёки бевосита корхона ҳудудида жойлашган 4 та товуқхонага пневмотрасса орқали тўғридан-тўғри етказиб беришгача бўлган жараёнлар автоматик тарзда амалга оширилади. Шунингдек, корхонада шротларни ерда сақлашга мослашган омборхоналардан ташқари, бир вақтни ўзида 13 минг тонна донни сақлашга мўлжалланган элеватор ҳам мавжуд.
Айни пайтда 140 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ишлаб чиқариш суръати пасайгани йўқ. Берилган маълумотларга кўра, корхонада 1-чоракда Самарқандда 12 минг тонна бойитилган, тўлиқ рационли омихта ем ишлаб чиқарилган бўлиб (65% қувватда), шундан 4 минг тоннаси (1,5 миллион АҚШ доллар) экспортга йўналтирилган.
Жорий йилнинг 4 апрелида ишга туширилган Андижон филиалида 16 апрель ҳолатига 1230 тонна омихта ем ишлаб чиқарилиб, вилоятнинг ўзи ҳамда Наманган ва Фарғона вилоятларидаги харидорларга етказилган.
Шунингдек, корхонанинг Самарқанд шаҳридаги асосий базасида биринчи чоракда 13,5 миллион дона тухум етиштирилган. Корхонада 2020 йилнинг 1-чорагида 2.035,5 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Корхона раҳбари А. Фузайловнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида ташкил этилган премикслар ишлаб чиқариш заводи 2019 йилнинг октябрь ойидан буён алоҳида корхона сифатида фаолият юритмоқда. Омихта ем ишлаб чиқариш бўйича Сурхондарё филиалини эса жорий йилнинг 2-чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг