Самарқандда жаҳон тоифасидаги жарроҳлар билан бир қатор жарроҳлик амалиётлари бажарилди
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз Йўлдошев/“Халқ сўзи”. Самарқанд давлат тиббиёт университетига қарашли Ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникаси ва Ўмон минимал инвазив жарроҳлар гуруҳи томонидан “Авиценна ватанида: эски дўстлар ўртасида янги кўприк қуриш йўлида” номли халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Анжуманда бугунги кунда каминвазив жарроҳлик амалиётларини кенг қўллаш, бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш, врачларнинг билим ва малакасини ошириш, бу борадаги халқаро тажриба ҳақида сўз юритилди.
Ўмон халқаро клиникаси ва Астер клиникаси шифокорлари, жаҳон тоифасидаги хирурглар — доктор Раад ал-Меҳди ва доктор Яҳё ал-Азри ўз тажрибалари билан ўртоқлашди ҳамда юртимиз жарроҳлари учун маҳорат дарслари ўтди. Шунингдек, самарқандлик мутахассислар билан биргаликда бир қатор жарроҳлик амалиётлари бажарилди, ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникасида даволанаётган беморлар кўрикдан ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди.
Операция жараёнини симпозиум иштирокчилари бевосита кузатиб борди ва мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
— Юқори технологияли замонавий жарроҳликни ривожлантириш клиникамиз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, — дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникаси бош шифокори, профессор Жамшид Шамсиев. — Шу боис ходимларга минимал инвазив жарроҳликнинг замонавий усулларини ўргатиш, мамлакатимиз ва жаҳоннинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил Самарқандда юртимизда илк бор Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамияти (ELSA)нинг “Ипак йўлида минимал инвазив хирургия” мавзуидаги I баҳорги конгрессини ўтказгандик. Шунингдек, Россия, Корея ва бошқа давлатлардаги етакчи тиббий муассасалар билан ушбу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйдик. Эндиликда бу борада Ўмон Султонлигидаги дунёга машҳур клиникалар билан яқин ҳамкорликда ишламоқчимиз.
Симпозиум доирасида мамлакатимиз ва Ўмон султонлиги жарроҳларининг учрашув бўлиб ўтди. Унда келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг