Самарқандда вилоят ҳокими ва вазир иштирокида ўтган йиғилишда тиббиётни трансформация қилишга доир устувор вазифалар белгилаб берилди

13:49 31 Октябр 2023 Жамият
195 0

Ўзбекистон тиббиётида кенг кўламли трансформация жараёнлари бошланган. Соҳа энг илғор ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда. Даволаш-профилактика муассасаларида инновацион диагностика ва даволаш усуллари жорий этиляпти.

Янгиланишлардан кўзланган мақсад малакали тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, халқни рози қилишдан иборат. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа мутасаддилари олдига қўйилган устувор талаб шундай!

Бугун Самарқандда вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов бошчилигида ўтказилган йиғилиш Президентимиз томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланди.

Мажлисда қайд этилганидек, ҳозир вилоятда истиқомат қилаётган 4 млн. 118 минг нафардан зиёд аҳолига соғлиқни сақлаш тизимидаги 338 та даволаш-профиликтика муассасаси томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Уларда жами 8 минг нафардан ортиқ шифокор ва 30 минг нафарга яқин ҳамшира фаолият олиб боряпти.

Шу йилнинг ўтган 9 ойида ҳудудда 12 та оилавий шифокор пункти, 5 та оилавий поликлиника ва 30 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Натижада 850 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. Улар қошида очилган 2100 ўринли кундузги стационарларда 70 мингга яқин бемор ўз саломатлигини тиклаш имконига эга бўлди.

Вилоятда жорий этилган 160 турдаги юқори технологик — лапароскопик, торакоскопик ва эндоваскуляр жарроҳлик амалиётлари орқали 5000 мингга яқин бемор оғир хасталиклардан халос бўлди.

Жумладан, Самарқандда илк бор ўзак ҳужайраси кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли бажарилди. Шунингдек, 52 нафар беморда буйрак, 1 нафарида жигар трансплантацияси амалга оширилди.

Ўз навбатида, вилоят даволаш-профилактика муассасалари томонидан туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг ўзида 1397 нафар беморда юқори технологик амалиётлар ўтказилди.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 17 турдаги асбоб-ускуналар харид қилиниб, иммуногенетик лаборатория ташкил этилди. Катталарда 3013 та, болаларда 405 та очиқ юракда юқори технологик жарроҳлик муолажалари бажарилди.

Президентимиз ташаббуси билан ажратилган маблағлар ҳисобидан вилоят бўйича 286 нафар беморда (145 нафари болалар ва 141 нафари катталар) юқори технологик операциялар ўтказиляпти.

Ҳудудда тиббий хизмат сифатини юксалтириш учун 100 нафарга яқин шифокор Германия, Туркия, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Саудия Арабистони каби қатор давлатларнинг нуфузли клиника ва университетларида малака ошириб қайтди.

Ана шундай изланишлар натижасида Самарқандда тиббиёт соҳасига робот технологиялари кириб келмоқда.

Келгуси йилда касалликларни эрта босқичларда аниқлаш даражасини 70 фоизга етказиш, хасталиклар асоратларини 50 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Бинобарин, вилоят муассасаларида яна 50 турдаги илғор даволаш усулларини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Танқидий-таҳлилий ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда тизимли давом эттириш, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни самарали ҳал этиш учун юксак билим ҳамда тажрибага эга, ташаббускор ҳамда фидойи кадрларга эҳтиёж катталиги қайд этилди.

Мажлисда шу кунгача Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Сухроб Зайниев бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, Дониёр Асадов бошқарма бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарадиган бўлди.

Вазир янги раҳбарлар олдига Самарқандда тиббиётни янада ривожлантириш, вилоятнинг ўзида энг мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, малакали тиббий хизматни чекка ва олис ҳудудлардаги хонадонларгача олиб кириш билан боғлиқ устувор вазифаларни белгилаб берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер