Самарқандда умумтаълим мактабларига компьютер жамланмалари тарқатилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан республика бўйича умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маънан эскирган компьютерларни янгиларига алмаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларининг барча компьютер хоналари хатловдан ўтказилиб, 135 та мактабга замонавий компьютер техникалари ажратилди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонида «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» номли компьютер жиҳозлари карвони саф тортди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, мактабларда ёшларнинг компьютер жиҳозларидан самарали фойдаланиб таълим олиши учун қулай шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Ҳар бир жамланмада 17 тадан компьютер бўлиб, жами 2295 тани ташкил этади. Ёшларнинг замонавий билимларни эгаллашида бундай жиҳозларнинг ўрни катта.

— Айрим мактабларимизда маънан эскирган компьютерлар бор эди. Бу янгиликни эшитиб, мактаб директорлари жуда хурсанд бўлди, — деди Иштихон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулчеҳра Саидмуродова. — Туманимиздаги ўнта мактабга бир комплектдан компьютер жиҳозлари берилди. Эндиликда ўқувчиларимиз улардан фойдаланиб ИТ технологиялари бўйича кўникмаларини янада мустаҳкамлайди.
Мактабларга компьютер жамланмаларини етказиб бериш давом этади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг