Самарқандда Туркий давлатлар онкологларининг II Конгресси бўлиб ўтди
Ушбу нуфузли анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда бошқа қатор хорижий давлатлардан келган 300 нафардан ортиқ етук олимлар, соҳа экспертлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари, амалиётчи мутахассислар қатнашди.
Конгресснинг биринчи кунида замонавий жарроҳлик технологиялари, иммун ва таргет терапия, молекуляр диагностика ҳамда минимал инвазив усулларга бағишланган маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Уларда клиник ҳолатлар муҳокамаси ва жонли намойишлар орқали қатнашчиларга амалий билимлар тақдим этилди.
Тадбирнинг иккинчи куни расмий очилиш маросими билан бошланиб, унда турли давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари, шу жумладан Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу билан мулоқот қилди. Мулоқотда юртимизда янги даволаш муассасаларини қуриш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон томони туркиялик экспертлар иштирокида қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида ўтказилган маҳорат дарслари самарадорлигини юқори баҳолади. 100 нафардан ортиқ юртимиз тиббиёт ходимларининг Туркияда малака ошириши учун яратилган имкониятлар учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг томонлар буйрак ва жигар трансплантацияси каби юқори технологияли операцияларни биргаликда амалга ошириш, тиббий кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, шу йил якунига қадар учинчи Ўзбекистон-Туркия тиббиёт форумини ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

— Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг ўзаро ҳамжиҳатлик йўлидаги ташаббуслари тарихий аҳамиятга эга, — деди Конгресснинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров. — Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқин ва ишончли қўшничилик, умумий қадрият ҳамда манфаатларга таянган ташқи сиёсати натижасида давлатларимиз ўртасидаги алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шундай самарали ҳамкорликнинг амалий тасдиғидир.
Ўзбекистон томони туркий давлатлар билан ҳамкорликда қатор янги ташаббус ва лойиҳаларни амалиётга татбиқ этмоқда. Хусусан, туркиялик экспертлар иштирокида қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида маҳорат дарслари ўтказилди, 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларимиз Туркияда малака ошириш имконига эга бўлишди.
Тошкентда ишга туширилган замонавий Онкология марказида туркиялик мутахассислар иштирокида самарали менежмент тизими жорий этилиб, муассасага қардош мамлакатдан жалб этилган бошқарувчи К.Седат директор этиб тайинланди.

Худди шундай, кейинги йилларда қўшни давлатлар ҳамкорлигида қатор анжуманлар, тажриба алмашинувлар, илмий-амалий конференциялар ўтказилмоқда.
Конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар, маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Муҳокамаларда неоадъювант ва адъювант терапия, PD-L1 ингибиторлари, индивидуал даволаш стратегиялари ҳамда клиник қарор қабул қилиш алгоритмлари кенг муҳокама этилди.
Конгресснинг учинчи кунидаги мулоқотларда рационал дори-дармонларни қўллаш, замонавий фармакотерапия стратегиялари ва даволаш самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Анжуман якунида халқаро экспертлар иштирокида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг