Самарқандда туризм географиясини кенгайтириш: истиқбол ва имкониятлар
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда Ўзбекистонни дунё туризм марказларидан бирига айлантириш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг кўлами кенг. Юртимизга келаётган сайёҳлар Хива, Бухоро, Самарқанд сингари кўҳна шаҳарларимиздаги меъморий ёдгорликлар, осори-атиқалар, муқаддас масканларни зиёрат қилмоқда.
Самарқанд узоқ йиллар давомида тарихий шаҳар сифатида сайёҳларни жалб этган бўлса, эндиликда туризмнинг бошқа йўналишлари, хусусан, экотуризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жорий йил бошида Президент қарори асосида Самарқанд туманида «Оҳалик — Оқбўйро — Миронқул» туристик-рекреацион зонасини ташкил этишга киришилди. Ҳозирги вақтда тумандаги учта ҳудудда йирик қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, 73 миллион долларлик 130 та бирламчи лойиҳа шакллантирилган. Мисол учун, узунлиги 6 километр, 3 та тўхташ станциясидан иборат осма дор (канат) йўли лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, 110 минг сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга модулли дам олиш масканлари, меҳмонхона, кемпинг, эко-уй ва боғлар, чўмилиш ҳавзаларини ўз ичига олган 40 та лойиҳа таклиф этиляпти.
Бу тоғли ҳудуднинг гўзал табиати, тоза ҳавоси туфайли шу пайтгача асосан болалар оромгоҳлари қурилган, аҳоли дам олиш масканлари ташкил этилган. Энди эса эко ҳамда экстремал туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилиб, замонавий талаблар асосида экологик тез қуриладиган жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилма объектлари барпо этилади.

Ҳудуддаги 6000 та хонадонда 15 мингга яқин аҳоли яшайди. Умумий майдони 1697 гектар бўлган «Оҳалик», 414 гектардан иборат «Оқбўйро» ҳамда 2545 гектарда «Миронқул» тоғ туризми лойиҳалари амалга оширилса яратиладиган иш ўринлари нафақат ҳудудда ишсизлик муаммосини ҳал этади, балки бошқа ҳудудлардан ҳам малакали мутахассислар жалб қилиш имконини беради.
Инфратузилма тўлиқ давлат томонидан, яъни республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан ташкил қилиб берилмоқда. Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини эса маҳаллий ва хорижий инвесторлар амалга ошириши кўзда тутилган. Қурилаётган объектларнинг аксариятига маҳаллий инвесторлар пул тиккан. Уларнинг айрим объектлари аллақачон ишга тушган.

2025 — 2026 йилларда туристик-рекреацион зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 31 миллиард, маҳаллий бюджетдан 8,9 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Вилоят маҳаллий бюджетидан йўл инфратузилмасини қайта қуриш, жорий ва мукаммал таъмирлашга ҳам 14 миллиард 700 миллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
Электр энергияси тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик сув ва оқова тармоқларини қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳудудда ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш учун «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси 97,4 миллион сўм сарфлаши белгиланган.

Каттақўрғон шаҳрида эса маданият ва туризм кластери ташкил этилмоқда. Каттақўрғон сув омборида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа уч босқичли бўлиб, биринчи босқичда яшил табиат қўйнида кафе-бар, замонавий овқатланиш шохобчалари, енгил конструкцияли тамадди жойлари, ёпиқ ва очиқ турдаги аквапарк, ҳаво шарлари ва сув техникалари (скутер катерлар), болалар оромгоҳидан иборат бўлган дам олиш маскани барпо этилади. Иккинчи босқичда дам олиш уйлари, ресторанлар ҳамда учинчи босқичда меҳмонхона ва 8 минг ўринга мўлжалланган амфитеатр лойиҳаси амалга оширилади.
Маданият ва туризм кластерининг биринчи босқичига белгиланган объектлар ҳозирда фойдаланишга топширила бошланди.
Мазкур ҳудудларни кўздан кечираркансиз, экотуризм учун қулай муҳит ва ресурс борлигига амин бўласиз. Қурилаётган лойиҳалар ҳам кичкина эмас, экотуризм йўналишида Самарқанддаги энг қизиқарли нуқталардан бири бўлиши шубҳасиз.
Қолаверса, ушбу объектларнинг иш бошлаши, сайёҳларнинг ҳудудда кўпроқ бўлишига эришиш бюджет учун ҳам, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад нуқтайи назаридан жуда муҳим.

Бундан ташқари, дунёда замонавий туризмнинг энг муҳим йўналишига айланган экотуризм атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тақозо этади, биоранг-баранглиликни, табиий ресурсларни сақлаш ва ҳатто кенгайтириш, умуман, экология учун беқиёс аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, маданий меросни ҳам асраш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда жуда катта ўрин тутади. Аҳолига янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ривожланиш имкониятини беради. Сайёҳлар томонидан сарфланадиган маблағ ўша ҳудудни бой қилади. Экотуристик ҳудудларда инфратузилма яхшиланиши билан бир қаторда ҳудуд аҳолиси меҳмонхоналар, умумий овқатланиш, транспорт хизматлари каби қатор соҳаларда банд бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг