Самарқандда транспорт тизими янгиланмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Транспорт воситаси ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Кундалик юмушлар билан кўчага чиққанда, арзон, хавфсиз ва қулай автоуловларга эҳтиёж сезилади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда транспорт соҳасида ишловчи ишчи ходимлар ва фойдаланувчилар, яъни, йўловчиларга шарт-шароитлар ҳамда енгилликлар яратиш бугун замон талаби айланди.
Самарқанд вилоятининг транспорт тизимида ўзгаришлар ва янгиланишлар кузатилмоқда. Айни пайтда вилоятда 37 та юридик шахс 470 та транспорт воситаси билан аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Самарқанд шаҳрининг ўзида 361 та автобус бўлиб, шундан, 233 таси шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланади. Ҳолатни туманлар кесимида таҳлил қилсак, Нуробод, Оқдарё, Тойлоқ туманларида рўйхатдан ўтган бирорта автобус учрамайди. Фақат такси йўналишларида 75 та лицензиат 1985 та транспорт воситалари аҳоли хизмат кўрсатади. Бундан 123 таси микроавтобус, 1862 таси Дамас русумли транспорт воситасидир. Бундан ташқари, туризм соҳаси ва ишлаб чиқариш корхоналарида 30 та лицензиатда 136 та автобус, 93 та микроавтобус мавжуд.
2023—2024 йилларда «Мароқанд транс 777» МЧЖ ва «Дилшод транс сервис» МЧЖлар ҳамда «Тоҳир Р» ХК томонидан Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 124 дона автобуслар келтирилиб, янги автобуслар тармоқдаги йўналишларга жойлаштирилди.
— Самарқанд шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган янги йўналишлар тармоғидаги 43 та йўналишларни брутто-шартномага ўтказиш графиги тасдиқланди, — дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Р. Тожиев. — Тендер натижасига кўра, шаҳар автобус йўналишларида ишлаш ҳуқуқини «Мароканд транс 777» МЧЖ қўлга киритди. Мазкур корхона билан брутто-шартномаси тузилди.
Самарқанд шаҳрида хизмат кўрсатувчи автобусларнинг хизмат сифатини баҳолаш учун бошқарма биносида «Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси ташкил этилган. Ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичларини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажмини аниқлаш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини баҳолаш мақсадида автоматлаштирилган «Magnetic North» тизими ўрнатилган. Унга Самарқанд шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси тармоғидаги 43 та йўналиш ва улардаги оралиқ бекатлар ҳақида маълумотлар киритилган. Транспорт воситаларини мазкур тизим орқали кузатиш имконияти мавжуд.
Шаҳар автобус йўналишларини брутто-шартнома тизимига киритиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт илмий тадқиқот маркази мутахассислари Самарқанд шаҳрининг 19 та йўналишида ўлчаш ишларини олиб борди. Вилоят миқёсида 122 та йўналишсиз такси хизматини кўрсатувчи корхона бўлиб, улар 860 та транспорт воситалари билан аҳолига пуллик асосда хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида 17486 нафар фуқаро ўзига тегишли бўлган тўрт ўриндиқли 17 620 та енгил автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш мақсадида лицензия олган.
Паяриқ, Иштихон, Оқдарё каби туманларидан келаётган йўловчиларнинг Самарқанд шаҳрига кириб келиши Мотрид ва Даҳбет кўчаларида анча тирбандликларни келтириб чиқаради. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида Мотрид қўрғонида автобошбекат қурилишига ажратилган 2,5 гектар майдон учун тендер ўтказилди. Унда «Urgut avto center» МЧЖ ғолиб бўлди. Ҳозирда мазкур ҳудудда автобошбекат қуриш лойиҳаси тайёрланмоқда. Автошоҳбекат жорий йил якунига қадар ишга туширилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг