Самарқандда темир йўлларда йўловчи ташиш бўйича халқаро анжуман ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Ушбу халқаро конференцияда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар темир йўлларининг Йўловчи ташиш хўжалиги олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Уч кун давом этадиган анжуманда “Express International” йўловчи поездларнинг халқаро интеграцион тизимини яратиш ва унинг вазифаларини амалга ошириш, 2023 йилнинг 8 ойи мобайнида халқаро йўловчи ташишни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар ва Кенгаш ишчи органларининг олдиндан тайёрланган ҳужжатлар, қарорлар, мурожаатлар лойиҳалари кўриб чиқиляпти.

Унда мутахассислар томонидан соҳани истиқболлари, замонавий лойиҳалар асосида ривожлантириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, йўловчиларга тезкор, қулай электрон хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маълумки, МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатларида темирйўл йўловчиларига билет сотиш, жойларни банд қилиш билан боғлиқ барча операциялар “Экспресс-1», “Экспресс-2» ва “Экспресс-3» электрон тизимлари орқали амалга оширилиб келинган. Ҳозирда “Экспресс-3» тизимидан фойдаланилади. Бу тизим тараққиётнинг ўзгариши туфайли замонавийлаштиришни талаб қилмоқда. Шундан келиб чиқиб йиғилишда темирйўл йўловчиларига қулайлик яратиш, бу борада хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, “Экспресс” тизимини қайта ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.

Миллий “Экспресс” тизими рақамлаштирилиши ва “Экспресс Интернешйнл” тизимига интеграция қилиниши йўловчиларга бирмунча қулайлик яратади. Ҳозирда барча харид қилинаётган чипталарнинг сал кам 50 фоизи электрон шаклда сотиляпти. Бу кўрсатгични келгуси йили янада ошириш режалаштирилган.
— “Экспресс-3» тизимининг хизмат қилиш даври тугаб боряпти. Биз ҳаммамизга маъқул бўлган “Экспресс Интернейшнл”нинг янги авлодни ишга туширмоқчимиз, — дейди “Экспресс” илмий-маркази директори Андрей Комиссаров. — Бу тизим замонавий бўлиб, йўловчиларга тезкор билет сотиш, МДҲ ҳудудидаги рейслар тўғрисида кўпроқ маълумотлар беришда муҳим аҳамият касб этади. Бу тизим Россияда ишлаяпти, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ҳам бизни қўллаб-қувватлашмоқда. Яқин йилларда МДҲ давлатларида бу замонавий тизим фаолияти йўлга қўйилса, натижасига йўловчилар тезда гувоҳ бўлади деб ўйлайман.

Мазкур учрашув якунлари бўйича халқаро ва ички қатновли поездлар учун МДҲ ҳудудида электрон саёҳат ҳужжатларини амалга оширишни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар кўриладиган баённома имзоланади.
29 сентябргача давом этадиган анжуманда шунингдек, МДҲ, Грузия, Латвия, Литва, Эстония Республикалари темир йўл маъмуриятлари ўртасида халқаро йўловчи ташиш тўғрисидаги битимнинг айрим нормаларини қўллаш хусусиятлари тўғрисидаги давлатлараро йўловчи ташиш тарифлари кўриб чиқилади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг