Самарқандда шу кунларда мактабгача таълим ташкилотларининг 54 фоизи фаолият кўрсатмоқда
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилоятида 2022 йилда турли мулкчилик шаклидаги 435 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, қўшимча 47 минг 179 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. Шунингдек, 8 минг 433 нафар 6 ёшли ўғил-қиз бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларига жалб қилинди. Натижада 6 ёшли болаларнинг МТТга қамрови 91 фоизга етди. 2021 йили бу рақам 69,7 фоизни ташкил этарди.
Шунингдек, 2022 йилда вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида 20 та, яъни Ургут ва Нуробод туманларида 6 тадан, Қўшработ туманида 8 та замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди, 10 та МТТ моддий-техник базаси янгиланганди.

Шу ўринда савол туғилади. Январь ойининг биринчи ўн кунлигида бошланган аномал совуқ шароитида вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатгани табиий. Хўш, аёзли кунлар аста-секин чекина бошлаган бир пайтда бу МТТнинг қанчаси ишга туширилди?
— Бугун вилоятимизда мактабгача таълим ташкилотлари сони 733 та бўлиб, улардан 400 таси, яъни 54 фоизи аномал совуқдан кейин 23 январдан ишга туширилди, — дейди Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамиров. — 220 таси сариқ ҳудуддаги боғчалар деб топилиб, электр энергияси, табиий газ босими яхшиланиши билан ишга тушади, қолган 113 таси қизил ҳудуддаги боғчалар бўлиб, иситиш тизимидаги муаммолар сабаб ҳозирча уларни очиш санаси маълум эмас.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг