Самарқандда Қозоғистоннинг Бош консулхонаси очилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёда ўз ўрнига ҳамда салоҳиятига эга бўлган муҳим давлатлар ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбек ва Қозоқ халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталари минг йиллар давомида шаклланган умумий тарих, тил ҳамда маданиятга асосланган. Икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда яқин қўшничилик ҳамда стратегик шериклик асосида изчил ривожланиб бормоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар жиҳатдан ишончли ва конструктив бўлиб, ўтган йиллар давомида бунинг учун мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база яратилди.
Самарқанд шаҳрида Қозоғистон Республикаси Бош консулхонасининг очилиши ҳам ана шу дўст ва қардош халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалдаги ёрқин намунаси бўлди. Самарқанд шаҳридаги Қозоғистон Республикаси Бош консулхонасининг очилиш маросимида иштирок этган Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам айни жиҳатларни яна бир бор эътироф этди.

– Самарқандда Бош консулхонамизнинг ташкил этилиши Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва азалий дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари маҳсулидир, – деди Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ўз табрик сўзида. – Айниқса, кейинги беш йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кучайди. Бугунги кунда Қозоғистонда Ўзбекистоннинг иккита консулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Биз Бош консулхонамиз учун Самарқандни танлашимиз бежиз эмас. Чунки бу шаҳар Ўзбекистонинг йирик тарихий-маданий марказларидан бири, иқтисодий салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги юқори ҳудуди ҳисобланади. Хусусан, сайёҳлик борасида Самарқандда катта имкониятлар мавжуд. Биз кеча вилоятдаги бир қатор корхоналар фаолияти билан танишиб, уларнинг Қозоғистон билан яқин ҳамкорликда ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Хусусан, яқинда Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган замонавий автобуслардан 50 таси Туркистон шаҳрига етказиб берилди. Йил якунига қадар яна 200 та шундай автобус харид қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ўтган йил якунида Самарқандда «Тенгебанк» филиали иш бошлади. Бош консулхонамиз бу алоқаларни яна ҳам ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.
— Бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 29 йил тўлади, – деди Э.Турдимов маросимда. – Ўтган йиллар давомида давлатларимизнинг яқин қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган алоқалари мустаҳкамланди. Айниқса, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан бу ҳамкорлик янги босқичда давом этмоқда. Мазкур консулхона ҳам бунинг натижаси, десак муболаға бўлмайди. Ўтган йил якунларига кўра, вилоятимизнинг Қозоғистон билан ўзаро товар айланмаси 147 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бугунги кунда Самарқандда Қозоғистон капитали иштирокидаги 15 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Меҳмонлар Бош консулхонанинг расмий очилишидан сўнг бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган ушбу Бош консулхона мамлакатларимиз ўртасида амалга оширилаётган савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янада кенгайтириб, икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирдилар.
— Самарқанд нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган қадимий шаҳар сифатида ниҳоятда қадрли ва муҳим аҳамиятга эга. Чунки сўнгги йилларда бу ерда туризм ва саноат соҳаси жадал ривожланиб бормоқда, – деди Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консули Азамат Аубеков. — Эътирофлиси, яқин йилларда шаҳар 1 миллион аҳолига эга шаҳарга айланади ва унинг мақоми янада ошади. Бу эса шаҳарга инвестицияларни кенг жалб қилиш имкониятини кенгайтиради. Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган Бош консулхонамиз асосан икки давлат ўртасида сайёҳлик ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришда юридик ва жисмоний шахсларга яқиндан ёрдам беради, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашади. Консулхонамизнинг қамрови кенг, биз Самарқанддан ташқари Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фуқароларига ҳам хизмат кўрсатамиз.
Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 29 йил тўлади. Ушбу сана муносабати билан Самарқанд шаҳрида очилган Бош консулхона, икки мамлакат ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа яратиши ҳамда уни янада ривожлантиришда муҳим таянч бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг