Самарқандда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Ёшлар кенгашининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди

15:29 12 Октябр 2023 Жамият
490 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли“ халқаро сайёҳлик марказида жойлашган “Silk road minyoun” меҳмонхонасида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши Ёшлар кенгашининг 6 йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда турли мамлакатлардан ташриф буюрган Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга масъул давлат органлари, ёшлар жамоат ташкилотлари, ёшлар, халқаро экспертлар, шунингдек, Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши (CICA) ва БМТ ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бора ташкил этилмоқда.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адхам Икромов сўзга чиқиб, иштирокчиларни ушбу ёшлар байрами билан қутлади ва ёшлар масаласи ҳамиша долзарблигини таъкидлади.

Давра суҳбати шаклида ташкил этилган йиғилишда давримизнинг долзарб муаммоларини ёшлар манфаатлари нуқтайи назаридан ўрганиш, ижтимоий ривожлантириш, илм-фан, таълим ва меҳнатни муҳофаза қилиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилувчилар учун фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари борасида фикр алмашилди.

— Ёшларимиз учун зарурий шароитлар яратиб бериш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, умуман олганда жамиятнинг муҳим бўлагига айлантириш нафақат масъуллар, балки барчамизнинг вазифамиз эканини унутмаслигимиз даркор. — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Дилноза Каттахонова. — Бугунги йиғилишимиз мақсади ҳам ушбу йўлдаги муаммоларни аниқлаш ва ечим топишдан иборат. Унутмаслик лозимки, ёшлар эртамиз бунёдкорлари, уларга берилган эътибор келажагимизни белгилаб беради.

11-13 октябрь кунлари кўплаб ёшларни ўз бағрига чорлаган Самарқандда халқаро Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг ёш лидерлар форуми, “II Ўзбекистон-Қозоғистон ёшлар конгресси”, “Ўзбекистон-Россия ёшлар форуми”, “I Ўзбекистон-Озарбойжон ёшлар форуми” каби тадбирлар ҳам ташкиллаштирилади. Ушбу форумда 30 та давлатдан 70 дан ортиқ турли соҳа вакиллари қатнашишмоқда.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер