Самарқандда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 22 254 километрга етказилди
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз Йўлдошев/“Халқ сўзи”. “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали вилоятнинг ҳар бир ҳудудини алоқа воситалари билан қамраб олиш ишларини олиб боряпти.
Жумладан, ўтган 2023 йилда вилоятда 4 957 километр оптик толали алоқа линиялари қурилди ва ҳудудда уларнинг умумий узунлиги 22 254 километрга етказилди. 101 998 та абонент сиғимига тенг абонент портлари ўрнатилиб, аҳолига юқори тезликдаги телекоммуникация хизматлари тақдим этилди.
— Шунингдек, 277 та “Uzmobile” базавий станцияларига 293 километр, 125 та соғлиқни сақлаш объектига 25 километр оптик толали алоқа линиялари тортилди, — дейди “Самарқандтелеком” директори ўринбосари Жавоҳир Орифий. — Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишмасида қурилаётган тоннель коммуникацияларини комплекс қуриш режаси асосида 2,17 километр ер ости алоқа канали қурилди. 2023 йил барча инфратузилма объектлар қамрови 100 фоизга етказилди.
Бундан ташқари, аҳолига сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш мақсадида вилоят миқёсида 376 та тарқатиш жавонлари профилактика қилиниб тартибга келтирилди. 3720 дона телефон қудуқлари тозаланиб, ундаги кабеллар тартибга олинди. 3204 дона алоқа устунларидаги алоқа кабеллари тартибга келтирилди ва фойдаланишга яроқсизлари янгисига алмаштирилди. 437 километр ҳаво алоқа симлари ҳамда 5524 та алоқа қурилмалари профилактика қилинди.
Натижада ҳудуддаги мавжуд аҳоли масканларининг 97 фоизи оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинди. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг эҳтиёжига кўра юқори тезликда ишловчи GPON технологияси асосидаги интернет тармоғига улаш ишлари олиб бориляпти.
Ўтган 2023 йилда алоқа қурилмаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида электр энергиясида кўплаб узилиш кузатиладиган ҳудудларда 155 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, мавжуд аккумулятор батареялари янгиларига алмаштирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг