Самарқандда нон фестивали ўтказилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида «Самарқанд нони — халқ бренди» номли фестиваль ўтказилди. Мазкур фестивалга республикамизнинг турли ҳудудларидан келган новвойлар томонидан 22 та тандир ўрнатилиб, бири-биридан ажойиб нонлар пиширилди.
— Самарқанд нонларининг машҳурлиги шу қадар кенг ёйилганки, бу азиз неъмат вилоятнинг ташриф қоғозига айланган. Дунёнинг етти иқлимдан келадиган сайёҳлару зиёратчилар ҳам тарихий обидаларни томоша қилиб, юртига қайтаётганда албатта, Самарқанд нонларидан олиб кетади, — дейди Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев. — Маҳалларимизда юзлаб уста новвойлар ота-боболари, момоларидан мерос бу ҳунарни давом эттириб, элимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминламоқда.

Шу йилнинг февралида дунёга машҳур Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Эндиликда Самарқанд нонини ЮНEСКОнинг ноёб моддий маданият мероси сифатида эътироф этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Нон фестивалини минглаб юртдошларимиз қатори хорижликлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилди. Самарқандни дунёга танитган, киши завқини келтирадиган залворли Галаосиё, Пулоди ва бошқа турдаги бўрсилдоқ нонлар расталарни безагандан безади. Каттақўрғоннинг ширмой нонлари, Қўшработ ва Нурободнинг патирлари, Жомбой ва Булунғурнинг жиззали, пиёзли, лавлагили, бедали, ошқовоқдан ёпилган ўзига хос нонлари, Тайлоқ ва Ургутнинг чапчаки, тўй нонлари, Пастдарғомнинг чандир патирлари хорижлик сайёҳларни ҳам ҳайратга солди.

— Фестивалда 10 килограмм ундан тайёрланган энг йирик Галаосиё нонини кўришнинг ўзи ҳайратланарли, — дейди англиялик сайёҳ Чарлз Граме. — Бу фестиваль йилига бир марта ташкил қилинаркан. Самарқандга сафаримиз нонлар фестивалига тўғри келганидан хурсанд бўлдик.
Бренд бирор бир компания, маҳсулот ёки хизматнинг савдо белгиси. Аммо бугун маҳсулотнинг ўзи, яъни Самарқанд нони халқимизнинг брендига айланди. Икки кун давом этган фестиваль доирасида новвойлар ўртасида танлов ўтказилди. Унда 47 нафар нонвойлар иштирок этди.

Рамиз Тоҳиров энг ёш новвой ҳамда Сурхондарёлик 80 ёшли Раҳмат бобо Зокиров энг ёши улуғ новвой сифатида тақдирланди. Бунда 3-ўринни Авесто оилавий корхонаси раҳбари Баҳодир Одилов қўлга киритди. Алишер Мустафоқулов ҳамда Мурод Пардаевлар иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Биринчи ўринни пахтачилик ва пастдарғомлик новвойлар эгаллади. Олий ўрин самарқандлик новвойлар Орзиқул Зоҳидов, Ҳамза Ҳайдаровларга насиб этди.

«Самарқанд нони — халқ бренди» фестивали чинакам халқ сайлига айланди. Фольклор дасталари, санъат усталари, бадиий мусиқий жамоаларнинг чиқишлари байрам кўркига файз улашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг