Самарқандда мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». — Бир неча йилдан буён кучли юрак оғриғидан азият чекиб келаман, — дейди Зомин туманидан келган 67 ёшли бемор Эркин Сарибоев. — Хориждаги клиникаларга бориб даволанишга имконият тополмаётган эдим. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиалига мурожаат қилдим. Тажрибали шифокорлар юрагимда юқори технологик, ноёб очиқ жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Оғир аҳволда иккиланиб келган эдим, мана энди соғлом ҳолда, тик оёқда чиқиб кетяпман. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Бизнинг шифохоналардаги шароит ва малакали мутахассислар ҳам хориждаги клиникаларникидан қолишмас экан.
Тўғриси, яқин-яқингача беморлардан бу каби фикрларни эшитиш тугул, бу ҳақда ўйлаш ҳам хаёлимизга келмас эди. Аксинча, Германия, Хитой, АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Россия ва бошқа тиббиёти ривожланган давлатлардаги клиникаларда даволанишни истаган юртдошларимиз ҳақида кўп эшитардик. “Катта пулга Хитойда юрагимга стент қўйдириб келдим, Жанубий Кореяда юрагимни коронография ускунасида текширтирдим, АҚШда юрагимда ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказдим” деган гаплардан сўнг, наҳотки, ўзимизда буни иложи бўлмаса, ахир, бизда ҳам иқтидорли шифокорлар, тиббиёт олимлари кўп-ку, деб ўйлардик.

Мана шу кунларга ҳам етиб келдик. Юртимизда тиббиёт соҳасига бўлган эътибор кучайди. Энди юртдошларимиз ўз саломатлигини нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг деярли барча вилоятларида жойлашган ихтисослашган илмий-амалий тиббий марказларда ҳам тиклашга интилишмоқда.
— Яқинда туркиялик бир гуруҳ шифокор, олимлар келиб, марказимизда яратилган шарт-шароитларни ўрганиб, ноёб жарроҳлик амалиётларида иштирок этди, — дейди Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд минтақавий филиали директори ўринбосари Рустам Қўшназаров. — Шифохонамизда энг сўнгги русумдаги замонавий жарроҳлик ва диагностика асбоб-ускуналарни кўриб, “энди билдик, ўзбекистонлик беморлар нима учун кўп маблағ сарфлаб Туркия клиникаларга бормасдан шу ерда даволанишни истаётганларини”, деб қолишди. Чунки, шу ернинг ўзида барча шароит ва мутахассислар етарли. Шунинг учун ҳам беморлар илгаригидек сарсон бўлиб чет элга бориб келгандан кўра, Самарқанднинг ўзида амалиёт ўтказишни маъқул кўришмоқда.

Шу пайтга қадар нафақат республикамизнинг турли вилоятларидан, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни давлатлардан ҳам юздан зиёд беморлар келиб, Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд минтақавий филиалида даволаниб кетишди.
Бугунги кунда минтақавий филиалнинг 262 ўринли 13 та бўлимида 92 нафар малакали шифокор, 209 нафар ҳамшира ва 181 нафар кичик тиббий ходим аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шифокорларнинг 17 нафари чет элдаги нуфузли клиникаларда, 21 нафари эса Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт ва республика Миллий тиббиёт марказларида малака ошириб келишди. Ўтган йили хориж клиникаларнинг 5 нафар олим ва профессорлари келиб марказ мутахассислар учун “мастер класс” амалиёти ва маҳорат дарслари ўтказди. Туркия, Беларусь ва Россия давлатларидаги таниқли клиникалар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган.

— Жорий йилдан бошлаб муассасамизда илк бора 24 соатлик тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати ташкил этилди, — дейди маслаҳат поликлиника ва диагностика бўлими бошлиғи Жаҳонгир Санақулов. — Энди юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларни тўғридан-тўғри марказимизга олиб келиш мумкин бўляпти. Беморларга 3 кун давомида бепул диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилади.
Шунингдек, марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йили УТТ, эхокардиография, ЭКГ, “Холтер” ускунаси, вақтинчалик ташқи кардиостимулятор каби 100 га яқин замонавий ускуналар олиб келинди.

Яратилган шароит ва малакали мутахассисларнинг самарали меҳнати ўлароқ 2024 йилда марказда даволанган 12488 нафар беморнинг 8670 нафарида юқори технологик, 7700 нафарида эндоваскуляр, 5145 нафарида эса коронаграфия, 1544 нафарида қон томирларини стентлаш амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, марказда 10 дан ортиқ ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари илк бор амалга оширилди. Жумладан, “криоаблация” амалиёти туркиялик малакали мутахассислар ҳамкорлигида республика миқёсида биринчилар қаторида ўтказилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг