Самарқандда МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

19:16 14 Апрель 2023 Сиёсат
1075 0

Фото: Халқ сўзи

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда МДҲ Бош котиби иштирок этди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Самарқандда ташкил этилган бу йилги биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтгани ва муҳим келишувларга эришилгани айтилди. Бу ҳақда Ҳамдўстлик ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев Қирғиз республикаси раислигида ўтказилаётган бу йилги тадбирлар ҳамдўстлик давлатлари ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламда давом эттиришга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

Вазирларнинг тор доирадаги учрашуви чоғида ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Бир қатор муҳим масалалар бўйича келишувларга эришилди.

Кенгайтирилган таркибдаги йиғилишда ҳам кўплаб масалалар қаторида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Жумладан, Кенгаш қарори билан 2023 йилда Беларусь Республикасининг Минск шаҳри ҳамдўстликнинг “Спорт пойтахти” деб эътироф этилди. 2024 йилда бу мақом Арманистоннинг Гюмри шаҳрига берилади. Шунингдек, 2024 йилда Самарқанд МДҲнинг “Маданий пойтахти”, Тошкент шаҳри эса “Ёшлар пойтахти” бўлади. Ҳамдўстлик мамлакатлари учун журналист кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий олий ўқув юрти сифатида Россия Федерациясининг Халқлар дўстлиги университети танланди. Шунингдек, ҳамдўстлик давлатларидаги саломатлик бўйича имконияти чекланган болалар ўртасида спартакида ташкил этишга қарор қилинди. Дастлабки шундай мусобақа 2024 йилда Россияда ўтказиладиган бўлди.

Брифингда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги мажлиси белгиланган кун тартибига тўла амал қилган ҳолда юксак савияда ўтгани, ташкилот истиқболи ва унга аъзо давлатлар ўртасидаги турли соҳаларга оид алоқаларни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлади.

- Кейинги йилларда ташкилотимиз ишини янада ривожлантириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон фаол иштирок этаётганини алоҳида қайд этишни истардим, - деди С.Лебедев. - Айниқса, кейинги икки йилда йирик халқаро форумлар майдонига айланиб бораётган Самарқандда бир неча бор учрашдик. Бугунги анжуман ҳам юқори савияда ташкил этилганини барчамиз эътироф этамиз. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Шу нуқтаи назардан ҳам МДҲ доирасида 2024 йилда Самарқанд “Маданий пойтахт” ва Тошкентнинг “Ёшлар пойтахти” деб эътироф этилгани бежиз эмас.

Брифингда Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиш 12 октябрь куни Бишкекда ўтказилиши махлум қилинди. 13 октябрь куни эса шу шаҳарда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, 27 октябрь куни ҳукумат раҳбарлари мажлиси ўтказилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жорий йилда МДҲ давлатлари вазирлик ва идоралари, турли тузилмалар иштирокида 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер