Самарқандда кулолчилик маркази ташкил этилади

11:18 29 Октябр 2021 Жамият
2481 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда миллий ҳунармандчилик турларидан бири - кулолчилик уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлиб, авлодлар оша ардоқланиб, сайқалланиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 мартда қабул қилинган “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу соҳада янги имкониятлар эшини очди. Жумладан, кулолчилик йўналишида зарур хом ашё базасини яратиш, кулолларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, қулай шартларда кредитлар бериш, ҳудудларда ўзига хос кулолчилик анъаналарини тиклаш мақсадида ихтисослашган марказлар ва галереялар ташкил этиш каби масалалар устуворлик касб этмоқда.

- Кулолларимиз учун энг асосий маҳсулот - бу гил, яъни соз тупроқ, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси раҳбари Умид Ҳакимов. - Қарорда кулолчиликда ишлатиладиган тупроқ турлари заҳиралари мавжуд ерларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиши ҳам айтилган. Вилоятимиз шаҳар ва туманларида кулолчиликда фойдаланиладиган ерлар кўп. Уюшмамиз томонидан “Самарқанд геология” акциядорлик жамиятига Самарқанд туманидаги Хожигайдиш конидан 2 гектар ҳамда Чўпон ота масканида жойлашган “Конигил” ҳудудидан 5 гектар ер фойдаланиш учун ажратилиши таклифини бердик. Ҳозирда кулолларимиз томонидан асосий тупроқ Конигил масканидан олинади.

Айтиш керакки, вилоятда фаолият юритаётган 59 нафар кулолнинг яна муаммоларидан бири бобомерос ҳунарни ўргатиш учун махсус жойнинг йўқлигида эди. Чунки уларнинг аксарияти ўз хонадонида фаолият юритади.

Шунга кўра Самарқанд шаҳридаги Оби Раҳмат маҳалласи, “Афросиёб” харобалари ён томони, Сиёб каналининг ўнг ёқасидан белгиланган лойиҳага асосан кулолчилик маркази қуриш учун 5 минг квадрат метр ер майдони ажратилди. Кулолчилик марказининг қурилиш ишларини якунлаш 2022 йил апрелига қадар якунлаш мўлжалланмоқда.

Дарвоқе, вилоятнинг олис ҳудудларида ҳам кулолчилик марказлари ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, келаси йили Каттақўрғон шаҳридаги Ғарб масжид маҳалласи ҳудудидан “Ҳунармандлар маркази” биносини қуриш ишлари бошланади.

Самарқанд вилоятида кулолчилик сир-асрорларини чуқур ўзлаштирган усталар кўп. Ўзбекистон халқ устаси Холмаҳмат Исматуллаев, академик кулоллар - Шариф Азимов, Худойберди Ҳақбердиев, Самарқанд кулолчилик санъатига катта ҳисса қўшиб келаётган Ҳайдар Ботиров, Нўъмон Облоқулов, Дилором Мухторова каби моҳир қўл эгалари ўзига хос кулолчилик мактабини яратган, ўнлаб шогирдлар тайёрлаган.

Келгусида кулолчилик марказларининг ташкил этилиши уста-кулолларимизнинг ёшларга ҳунар сирларини ўргатиш, чет эллик ва маҳаллий сайёҳларга мастер-класслар ташкил этиш имкониятини ҳам кенгайтиради.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер