Самарқандда «Конституция ўзимизники» тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда

18:49 29 Март 2023 Сиёсат
2174 0

Фото: Халқ сўзи

Апрель ойидаги референдум арафасида Ўзбекистон ҳудудларида «Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники» шиори остида тарғибот тадбирлари, концерт дастурлари ўтказилмоқда. Худди шундай тадбир Жомбой туманидаги «JV MAN AUTO UZBEKISTAN» Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида ҳам бўлиб ўтди.

Унда эстрада юлдузлари, спортчилар, давлат идоралари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлардан иборат минглаб фаоллар иштирок этди.

Фото: Халқ сўзи

Тадбирда сўзга чиққан турли касб вакиллари Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритиб, шу йил 30 апрелда ўтказиладиган референдумга бефарқ бўлмасликка чақирди.

— Сўнгги йилларда тадбиркорликка енгилликлар берилгани, конвертация муаммоси ҳал этилгани натижасида инвесторларни жалб қилиш имконияти кенгайди, — дейди Самарқанд шаҳар “MAROQAND GROUР» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Хуршид Тўраев. — Бунинг натижасида биз тадбиркорлар учун фаолиятимизни янада кенгайтириб, янги-янги иш ўринлари очиш имконияти пайдо бўляпти. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда 3000 кишилик жамоамиз билан фаол иштирок этамиз.

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳридаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида ҳам «Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники» шиор остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда вилоятдаги умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчилари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбирда Конституцияга киритилиши режалаштирилган ўзгартишлар, янгиланаётган Бош Қомусимизнинг мамлакат тараққиётида тутган ўрни ҳамда референдум ўтказиш тартиби ҳақида сўз борди.

Фото: Халқ сўзи

Таъкидлаш жоиз, янгиланаётган Конституциявий қонун лойиҳа матнининг 50- ва 52-моддаларида мактаб ва мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича қатор ҳуқуқий асослар келтириб ўтилган.

— Яқин йилларгача ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинар, таълим жараёнлари қолиб, ҳисоботлар тайёрлашга, турли қоғозбозликларга кўмиб ташланган эди, — дейди тойлоқлик ўқитувчи Юлдуз Абдураҳмонова. — Янгиланаётган Конституцияда эса ўқитувчининг мақомини ошириш, ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани касбга бўлган меҳримизни оширди.

Фото: Халқ сўзи

Республика тарғибот гуруҳи томонидан Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетида ҳам «Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники» шиори остида кутилаётган Янги Конституция референдумида фаол бўлишга чорловчи маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирлар давомида элимиз суйган санъаткорларнинг чиқишлари иштирокчиларга завқ бағишлади.

Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер