Самарқандда халқаро парламентлараро форум бўлиб ўтди

10:58 01 Апрель 2026 Жамият
175 0

Шу йилнинг 30-31 март кунлари Самарқандда муҳим халқаро сиёсий тадбир — «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи 2026» Парламентлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

2025 йилнинг 4 апрелида бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус қисқа вақт ичида амалий натижа бериб, бугун Самарқанд халқаро мулоқот марказига айланди.

Нуфузли тадбирда Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон парламентлари вакиллари, Европа парламенти аъзолари, шунингдек, экспертлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Адиз Бобоев сўзга чиқиб, ушбу форумнинг минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, форум Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, қонунчилик тажрибаси алмашинуви, шунингдек, барқарор ривожланиш, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларида ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

— Парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган анжуман доирасида сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика, рақамли трансформация, таълим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди, — дейди С.Сафоев. — Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи билан мулоқот ва шериклик бизнинг энг муҳим устувор йўналишларимиздан бири бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқот, алоқалар, яшил ўтиш ва технологик модернизацияни ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Биз Европа Иттифоқининг ҳам ушбу мураккаб даврда Марказий Осиё давлатлари билан янги шерикликка интилаётганини тушунамиз. Ишончимиз комилки, ушбу форум очиқ муҳокамалар, фикр алмашиш ва Марказий Осиё — Европа Иттифоқи ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

— Бизнинг кун тартибимизда иқлим ўзгаришига қарши кураш, савдо квоталари ва Европа бозорига киришни кўпайтириш, кўп томонламаликни ҳимоя қилиш, таълим ва тадқиқот соҳасида алмашинув дастурлари учун Европа имкониятларини ошириш зарурати, энергия ва рақамли алоқа, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ва конституциявий ислоҳотлар ўрин олган, — дейди Европа Парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Гиуси Принчи. — Кўплаб долзарб муаммоларни фақат минтақавий даражада ҳал қилиш мумкин. Шу боис ушбу форум ғоясини илгари сурган Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман. Бундан бир йил олдин Самарқандда бўлиб ўтган саммитдан сўнг парламентларимиз икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққанидан хурсандмиз. Европарламент сифатида биз ҳукуматларимиздан фарқли позицияни эгалладик. Масалан, Марказий Осиё фуқаролари учун визалар беришни осонлаштириш мақсадида Қозоғистон билан дастлабки келишувга эришдик. Келгусида минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам шундай музокараларни давом эттириш ниятидамиз.

Мазкур анжуман нафақат сиёсий мулоқот майдони, балки амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги ташаббус ва лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.

Анжуман доирасида Европа Парламенти аъзоларидан иборат нуфузли делегация «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетига ташриф буюрди.

Меҳмонларга таълим жараёнлари, маданий меросни сақлаш ва ривожлантириш борасидаги изланишлар, шунингдек, Европа Иттифоқи грантлари асосида амалга оширилаётган академик мобиллик, тажриба алмашинув ва инновацион ўқув дастурлари ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзоларида, айниқса, университетнинг халқаро майдондаги фаол позицияси, ёшларни жаҳон таълим маконига интеграция қилишдаги тизимли ёндашуви ва Эрасмус+ лойиҳалари орқали эришилган амалий натижалари катта таассурот қолдирди.

Ташрифнинг алоҳида эътиборга молик бўлган қисми — Европа Парламенти аъзолари ва университет талабалари ўртасида бўлиб ўтган очиқ суҳбат бўлди. Талабалар парламент фаолияти, Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари, халқаро алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер